Ўзбекистон янгиликлари

Бутун умр дин ва халқ хизматида

Кўплаб олимлар, имом-хатиблар ва аҳли илмларнинг устози, диний-маърифий соҳада узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган муфассир ва олим Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари муборак 80 ёшни қаршиладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида олимнинг юбилей тантаналари нишонлангани халқимизнинг уламолар қадрини улуғлаши, илм олимларни эъзозлаш билан юксалишининг ёрқин мисолидир. 

Шайх Абдулазиз Мансур 1944 йил 9 апрелда Фарғона вилояти Фарғона туманида туғилган. Мактабни тамомлагандан сўнг Олтиариқ тумани ва Марғилон шаҳридаги турли идораларда ишлаган.

1975-1979 йиллари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси;

1979-1980 йилларда “Совет Шарқи мусулмонлари“ журнали таҳририятида масъул котиб;

1980-1981 йиллари Судан ислом университети талабаси;

1982-1989  йиллари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Фатво бўлими мудири;

1989-1993 йиллари Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида илмий ходим;

1993-1994 йиллари “Мовароуннаҳр” нашриёти мудири.

1994-1997 йиллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи;

1997-2000 йиллари Ўзбекистон Республикаси Президентининг миллатлаларо муносабатлар ва диний масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси;

2000-2006 йиллари Тошкент ислом университетининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори;

2006-2018 йиллари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари;

2018-2019 йиллари Тошкент шаҳрининг бош имом хатиби ва Минор масжидининг имоми.

Шайх ҳазратлари 2019 йилдан ҳозиргача Ўзбекистон Ислом цивилизацияси билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси сифатида меҳнат қилмоқдалар.

Шайх Абдулазиз Мансур Қуръони карим маъноларини ўзбек тилига таржима қилиб, тафсир ёзганлар ва 2002 йилда нашрдан чиққан.

Шунингдек, “Саҳиҳи Бухорий“ни таржима ва шарҳ қилиб, икки жилдда нашр эттирган. “Ахлоқ-одобга доир ҳадислар”, “Мусулмончиликдан илк сабоқлар”, “Ҳаж ибодати қоидалари”, “Ақоид матнлари”, “Нақшбандия тариқатига оид қўлёзмалар фиҳристи”, “Ислом гиёҳвандликка қарши”, “Минг бир фатво” китоблари унинг қаламига мансубдир. “Минг бир ҳадис”, “Унвонул баён”, “Атвоқуз заҳаб” асарларини араб тилидан ўзбек тилига таржима қилган.

Ярим асрлик диний-маърифий соҳадаги фаолияти давомида Шайх Абдулазиз Мансур маъмурий ишлардан ажралмаган холда аввалига Мир Араб мадрасаси ва Тошкент ислом институти, кейинчалик Тошкент ислом университети талабаларига тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, балоғат фанларидан сабоқ берди. У 2006 йилдан Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Ислом фиқҳи академияси ва 2013 йилдан Ислом Олами уюшмаси ҳузуридаги Халқаро мусулмонлар уламолари ҳайъати аъзоси ҳисобланади, 2014 йилда Турон академияси томонидан академик унвони берилган.

Абдуллоҳ ибн Бусрдан ривоят қилинади: “Бир аъробий: “Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг яхшиси ким?” деди. “Умри узун, амали гўзал бўлган одам”, дедилар” (Имом Термизий ривояти). 

Фазола ибн Убайддан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимнинг бир толаси Аллоҳ йўлида оқарса, бу унинг учун қиёмат куни нур бўлади” (Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Насоий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Кимда-ким инсонларни ҳидоятга чақирса, ҳидоятга кирган кишиларга қанча савоб берилса, унга ҳам худди шунча савоб берилади. Уларнинг савобидан ҳеч ҳам камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).

Устоз Шайх Абдулазиз Мансур ҳам ҳадисларда зикр этилган фазилатлар соҳиби бўлиб, олимлиги ва ҳалим хулқи билан халқимиз дину диёнати йўлида яна узоқ йиллар хизмат қилишларини Аллоҳдан сўраб қоламиз!

 Аъзам домла ОБЛОҚУЛОВ,

Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани,

 “Сайфин ота” жоме масжиди

имом-хатиби

Read 634 times

Янгиликлар

Top