Ўзбекистон янгиликлари

Зиёрат туризми бўйича янги таклифлар

Кеча, 21 ноябрь куни зиёрат туризмини ташкил этиш бўйича қилинаётган ишларни жадаллашлатириш мақсадида, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази, Тошкент ислом университети масъул ходимлари ва юртимиздаги энг етакчи сайёҳлик фирмалари вакиллари иштирокида ишчи йиғилиш бўлиб ўтди.


Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов йиғилишни очиб, Президентимиз Ш.Мирзиёев шу йил 9-10 ноябрь кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида зиёрат туризмини кенг йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан мутасадди ташкилотларга топшириқлар берилганини таъкидлади. Шунингдек, Самарқанд ва Бухоро вилоятларига зиёрат туризми бўйича хорижий туристларни жалб этиш, шу жумладан, Туркия, Малайзия, Индонезия ва бошқа Ислом дини кўп тарқалган давлатлар билан ишлаш бўйича ишчи гуруҳларини шакллантириб, чора-тадбирлар режасини тузиш ишлари бошланганини билдирди. О.Юсупов сўзида давом этиб чет-эл мамлакатларида Самарқанд ва Бухоро вилоятларининг туризм салоҳиятини, шу жумладан, Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий, Бухоро вилоятидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳларига зиёратини ташкил этишни тарғиб қилиш дастурини ишлаб чиқиш муҳимлигини батафсил изоҳлади.


Йиғилишда “Azia tour” сайёҳлик фирмаси мутахассиси Акмал Қосимов сўз олиб, зиёрат туризмини ташкил этишда юртимиздаги “Силсилаи алия” (12 та авлиё қадамжоси) таркибидаги зиёратгоҳларга алоҳида эътибор қаратиш, Малайзия, Индонезия давлатларига “Умра-плюс” хизматини таклиф этиш, хорижлик дин пешволари иштирокида семинарлар, конференциялар ташкил этиш, ислом институтлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, нуфузли ислом ташкилотларининг гранд танловларида қатнашиш каби таклифларни берди.


Шунингдек, сўзга чиққан нотиқлар Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Ислом цивилизацияси маркази, Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси ва “Ўзбектуризм” зиёрат туризмини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзолаш таклифини тақдим этишди.


Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасидаги муқаддас қадамжоларга зиёрат туризм йўналишидаги сайёҳларни жалб қилиш бўйича реклама тадбирларини ташкил этиш учун тарқатма материаллар, буклетлар, баннерлар, маълумотнома китобчалари ва слайдлар тайёрлаш, хориждаги диний уламолар билан зиёрат туризм йўналишида яқиндан ҳамкорлик қилиш учун бу борада тажрибаси бўлган маҳаллий уламоларни жалб этиш, чиқиш ва кириш визаларини қисқа муддатда расмийлаштириш чораларини кўриш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 6034 times

Янгиликлар

Top