Ўзбекистон янгиликлари

Кореялик машҳур журналист Президентимиз ҳақида китоб ёзди

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасида расмий ташриф билан бўлиб тургани ҳақида хабар берган эдик.

Ташриф доирасида турли учрашувлар ва музокаралар олиб борилмоқда.

Корея Республикасида Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимидаги фаолиятининг биринчи йили ҳақида корейс тилида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев” номли китоб 50 минг нусхада чоп этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Хабарда ушбу китобнинг жорий йил 20 ноябрь куни нашр этилгани, у 8 бўлим, 320 саҳифадан иборат экани ҳамда кўплаб суратлар билан бойитилгани айтиб ўтилган.

Асарда Шавкат Мирзиёевнинг аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, сўнг Президент сифатидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилган. Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ва хорижда сўзлаган нутқлари, жумладан, Президент лавозимига киришиш маросими, Конституция байрами, Янги йил байрами, БМТ Бош ассамблеяси сессиясидаги нутқидан иқтибослар келтирилган.

Китобнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” номли бобида ушбу дастур чуқур таҳлил қилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсатдаги минтақавий ҳамкорликнинг янги суръатига туртки бўлган, Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан алоқаларини янги босқичга олиб чиққан ташаббуслари ҳақида сўз юритилган. Ўтган бир йил давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг хорижий давлатларга ташрифи, Ўзбекистонга ташриф буюрган бир неча давлат раҳбарлари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар етакчилари билан бўлиб ўтган музокаралари ҳақида атрофлича маълумот берилган.

Китобда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги кўп йиллик савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликка ҳам кенг ўрин ажратилган.

Китоб “Uz Kor Economy Media Group” томонидан чоп этилган. Унинг муаллифи машҳур журналист ва ёзувчи Чо Чоль Хён.

ЎМИ матбуот хизмати 

Read 5294 times

Янгиликлар

Top