Ўзбекистон янгиликлари

Масжидларда мавлиди шариф ўқилди

Рабиъул аввал ойи – мусулмонлар учун хурсандчилик ойи бўлиб, бу ойда бутун оламларга раҳмат пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлар. Бу ойни мўмин-мусулмонлар ўзгача тайёргарлик билан кутиб олишади ва Расули Акрам алайҳиссаломга бўлган муҳаббатнинг кичик бир кўриниши сифатида мавлиди шариф тадбирлари ўтказилади.
Бугун, 24 ноябрь куни республикамизнинг кўплаб масжидларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари, юксак ахлоқ-одоблари ва олий фазилатлари ҳақида мавъизалар қилинди. Шунингдек, жоме масжидларда Имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан Набий алайҳиссалом туғилишлари, ҳаёт йўллари, ахлоқлари тўғрисида битилган “Мавлиди шариф” китоби ўқилди ва бунга намозхонлар чин ихлос ила сомеъ бўлишди.
Ана шундай мавлид маросимларидан бири пойтахтимиздаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қатнашдилар. Дастлаб, муфтий ҳазрат Пайғамбар алайҳиссаломнинг таваллудлари, ёшлик, йигитлик ва пайғамбарлик даврлари ҳақида атрофлича маъруза қилдилар. Сўнгра мавлиди шариф ўқилди, Расули акрамга саловотлар айтиб, қалби муҳаббатга тўлган намозхонлар Муфтий ҳазрат бошчилигида жума намозини адо этишди.
Масжидлардаги мавлиди шарифлар якунида юртимиз тинчлиги ва олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ривожини сўраб, дуои хайрлар қилинди.
Шундай экан, сиз-у биз ҳам У зотга ушбу кириб келган рабиъул аввал ойида кўплаб саловотлар айтиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатларимизни янада зиёда қилишимиз, ваъда қилинган мукофотларга сазовор бўлишга жидду жаҳд қилишимиз лозим.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 5341 times

Янгиликлар

Top