Ўзбекистон янгиликлари

Фаол имом-хатиблар тақдирланди

Кеча Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллигида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари иштирокида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда “Мовароуннаҳр” нашриёти бош директори Абдул Жалил Хўжам иштирок этди.

Йиғилишни кириш сўзи билан очган вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов вилоятдаги диний жабҳадаги ҳолат, имом-хатибларнинг салоҳиятини кўтариш, жойларда олиб борилаётган ижтимоий, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасидаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида сўз юритди. Бош имом-хатибларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.

Сўнгра  “Мовароуннаҳр” нашриёти бош директори Абдужалил Хўжам сўзга чиқди. У ўз  нутқида бугунги кунда халқимиз маънавиятини оширишда “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетасининг тутган ўрни, ушбу икки нашр сифат жиҳатидан тобора зиёда бўлиб бораётгани ҳақида гапирди. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг ушбу нашрларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, зарурий имтиёзлар бериш, уларни мазмун  жиҳатидан янада бойитиш борасидаги тавсияларидан кейин таҳририят ходимлари газета ва журнални янги-янги ғоялар билан бойитишга астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг нишонаси ҳозирданоқ кўрина бошлади. Ушбу нашрлардан янада кўпроқ юртдошларимиз манфаат топишини таъминлашда имом-хатибларнинг салмоқли ҳиссаси борлигини айтиб, уларни ҳолда аҳоли орасида тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш, маърифат нури кираётган оилалар сонини ошириш ишларида янада фаолроқ бўлишга чақирди.

Тадбир сўнгида 2017 йил обунасини ташкил этишда фаоллик кўрсатган 30 нафар масжид имом-хатиблари “Мовароуннаҳр” нашриётининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Суратлар sammuslim.uz сайтидан олинди

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

Read 4787 times

Янгиликлар

Top