Бугун, 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллигида шаҳар ва туманлар бош имом-хатибларининг навбатдаги умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят вакиллиги расмий сайтида маълумот тарқатилди.
Йиғилишда “Мовароуннаҳр” нашриёти бош директори Абдужалил Хўжамов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматулло Усмонов, жойлардаги бош имом-хатиблар, масжид имомлари ва вакиллик масъул ходимлари иштирок этгани хабар қилинди.
“Мовароуннаҳр” нашриёти бош директори Абдужалил Хўжамов бош имом-хатибларни 2018 йилги “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетасига обунани янада намунали ташкил этиш ва бу борада жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, имомлар ўзларининг маънавий-маърифий ва долзарб мавзулардаги мақолаларини нашриётга тақдим этиб боришлари тўғрисида ўзининг керакли кўрсатма ва тавсияларини берган.
Мазкур йиғилишда 2017 йил “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетасига обунани намунали ташкил этишда жонбозлик кўрсатиб, халқимизга етказишда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган 30 нафар масжид имом-хатибларига “Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан қимматбаҳо ва эсдалик совғалар топширилган.
Аввалроқ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллигида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари иштирокида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.