Ўзбекистон янгиликлари

Мадрасада мавлид кечаси

Неча асрлардирки, юртимизда Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак таваллуд кунлари алоҳида эҳтиром билан кутиб олиниб, мавлуд дастурхони ёзилади.

Ана шундай тадбирлардан бири Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний мадрасасида бўлиб ўтди. Билим юрти раҳбарияти ва Тошкент ислом институти амалиётчи талабалари ташкил қилган мазкур тадбирда билим юрти устоз ва ходимлари, талабалар ва меҳмонлар иштирок этди.

Мавлуд Қуръон тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган билим юрти мудири Шамсуддин Бауатдинов мавлуднинг фазилати ҳақида маълумотлар бериб, бу ғанимат фурсатлардан фойдаланишни тавсия қилди.

Билим юрти ўқитувчиси Жумабек Искандаров Пайғамбаримизнинг мавлудлари ва у зотга салавотларни кўпайтиришнинг аҳамияти тўғрисида маъруза қилди.

Қилинган маърузанинг амалий кўриниши ўлароқ, мадрасанинг фаол талабалари таёрлаган салавотлар чиройли кўринишда айтилди. Тадбир иштирокчилари салавотдан хушнуд бўлиб талабаларга қўшилиб салавот айтдилар.

Мавлуд сўнггида дуои хайрлар қилиниб,  иштирокчилар байрам дастурхонига таклиф қилинди.        

Жумабек  ИСКАНДАРОВ,

билим юрти ўқитувчиси

Read 5797 times

Янгиликлар

Top