Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан кеча, 4 декабрь куни Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Ўзбекистон Президентининг расмий веб-сайтида берилган хабарга кўра, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олган.
Қисқа суҳбатдан сўнг Афғонистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олгани маълум қилинган. Ташрифнинг асосий тадбирлари 5-6 декабрь кунлари бўлиб ўтиши кўзда тутилгани таъкидланган.
Олий даражадаги учрашувларда Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари ва долзарб халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.
Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан-таълим ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, шунингдек, тижорат шартномалари имзоланиши кутилмоқда.
Афғонистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи дастуридан, Бухоро шаҳрини зиёрат қилиш ҳам ўрин олган. Олий мартабали меҳмон Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашади ҳамда улар ҳузурида маъруза қилади.