Ўзбекистон янгиликлари

Афғонистон Президенти Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилди

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига асосан Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани расмий ташриф билан мамлакатимизга келгани ҳақида хабар берган эдик.

Афғонистон Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани бугун, 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Шундан сўнг, Афғонистон Президенти Тошкентдаги Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасига ташриф буюргани маълум қилинди.

Мартабали меҳмон Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф буюрди. Унга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамроҳлик қилди.

Меҳмонга мажмуа таркибидаги Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, Тилла Шайх ва Намозгоҳ масжидлари каби тарихий обидалар, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ҳудудда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тарихий обидаларни асраб-авайлаш, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилмоқда, Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад Термизий, Қарши туманидаги Абул-Муъийн Насафий зиёратгоҳлари ва бошқа қадамжоларда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган Усмон мусҳафи ва бошқа тарихий-маърифий ёдгорликларни катта қизиқиш билан кўргани қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев томонидан ислом динини ўрганиш, унинг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо бергани таъкидлаб ўтилди.

Read 4797 times
Tagged under

Янгиликлар

Top