Ўзбекистон янгиликлари

Кўнгил эътибор истар

Яхшилик, хайр-саховат, меҳр-оқибат, силаи-раҳм каби улуғ фазилатлар доимо инсонга зийнат бўлиб келган. Бундай олижаноб хислатларни ўзида мужассам эта олган инсонгина эл-юртнинг оғирини енгил қила оладиган фазилатли шахс ҳисобланади. Бинобарин, инсон эзгулик йўлида саъй-ҳаракат қилса, умрига, ризқига барака киради, ҳаёти осуда, қалби хотиржам бўлади.

Худди шундай фазилатлар халқимизнинг азалий қадриятига айланиб, ота-боболаримиз, момоларимиз ва дилбар аёлларимизнинг жасорати, ҳиммати ва имон-эътиқоди ҳамда ҳаёсида ўз аксини топган. Мазкур умуминсоний қадриятлар муқаддас Ислом динининг асосий манбалари – Қуръони Карим ва ҳадисларда кўп бора таъкидланган. Хусусан, Аллоҳ таоло Қуръон каримда: «Эҳсон–яхшиликнинг мукофоти фақат эҳсон ва эзгулик бўлажак» (Роҳман сураси, 60-оят) деб ўзгаларга яхшилик қилувчиларга дунё ва охиратда улкан мукофотлар борлигини маълум қилган.

Ўтиб бораётган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да мамлкатимизнинг бош қомуси бўлган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги” кенг нишонланаётган айни фурсатда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги томонидан кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоят бош имом-хатиби Т.Эрбўтаев бошчилигида Ўзбекистон тумани “Қудаш – аёллар мурувват уйи”га ҳар бири уч юз эллик минг сўмдан бўлган 83 дона қишки кийим-кечаклар ҳомийларни жалб қилган ҳолда тарқатилди. Худди шунингдек, Қўштепа тумани Шомирза  ва Пахтакор МФЙларида яшовчи 17 нафар ёрдамга муҳтож кишиларга ҳам қишки кийим-кечак маҳсулотлари улашилди.

Мазкур фуқаролар кўрсатилаётган ғамхўрликлардан хурсанд эканини уларнинг сиймосидан англаш қийин эмас. Бироқ меҳр-мурувватли инсонларнинг келиши уларни янада мамнун этади.

Вилоятдаги жисмоний имконияти чекланганлар, болалар уйлари, қариялар мурувват уйи, шунингдек, эътиборга муҳтож бошқа тоифадаги мактаб интернатлар ҳам борки, бу масканларда тарбия топувчилар жамиятимизнинг тўлақонли аъзоларидир. Уларни ижтимоий фаол ҳаётга тортиш ҳар бир шахснинг инсоний вазифаси, қолаверса, муқаддас динимиз Исломнинг таълимотлари замирида ҳам ана шундай эзгулик, меҳр-оқибат улашишга бўлган тарғибот мужассам бўлганида ҳам ҳикмат ва фазилат бисёрдир.

Суратлар fargonaziyo.uz сайтидан олинди.

ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Read 5133 times
Tagged under

Янгиликлар

Top