Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон делегацияси Бокуга жўнаб кетди

Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Рустам Камилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва бир неча уламолардан иборат делегация Озарбайжон давлатининг Боку шаҳрида ўтказиладиган халқаро анжуманда иштирок этиш учун жўнаб кетди.


Озарбайжонда 2017 йилни “Ислом бирдамлиги йили” деб эълон қилиниши муносабати билан ушбу давлат ташаббуси билан қатор маърифий йиғинлар ўтказилиб келинмоқда.


Шу йил 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида Озарбайжон давлати билан ҳамкорликда ўтказилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” номли халқаро конференция ҳам мана шу тадбирлар сирасидан эди. Шунингдек, бу йўналишдаги анжуманлар Испания, Туркия, Россия, Эрон каби мамлакатларда ҳам ўтказилди.


Йил давомида амалга оширилган тадбирларнинг якуни сифатида 2017 йил 21-22 декабрь кунлари Озарбайжон давлатининг пойтахти Боку шаҳрида “2017 йил – Ислом ҳамжиҳатлиги йили: динлараро ва маданиятлараро мулоқот” номли халқаро анжуман бўлиб ўтади. Унда 40 дан ортиқ давлатлардан 200 га яқин дин пешволари, уламолар, олимлар, муфтийлар ва соҳа мутахассислари иштирок этиши кутилмоқда.


Мазкур тадбирлар Ислом дини қадриятларини асраб-авайлаш, турли нохолис қарашлардан ҳимоя қилиш ва мусулмон давлатлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан жуда ҳам аҳамиятлидир.


Анжуманда муҳокама қилинадиган долзарб масалаларни сайтимизда мунтазам ёритиб боришни режалаштирганмиз. Бизни кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 4491 times

Янгиликлар

Top