Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиб: эркак ва аёлларнинг ўз кийиниш усуллари бор

Жорий йилнинг 23 декабрь куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида талаба ёшларнинг диний ва дунёвий билимларини янада ошириш, миллий қадриятларга бўлган ҳурматини юксалтириш, инсонлар ўртасида муомала маданияти ва айниқса, институтнинг ўрнатилган тартиб-қоидалари, кийиниш маданияти борасидаги билим, кўникмаларини ошириш ва уни тарғиб қилиш мақсадида худди шу ном остида маърифий-тарбиявий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари, “Ислом ота” жоме масжиди имом-хатиби Жасурбек Раупов иштирок этди. Тадбир давомида миллий қадриятлар ва ўзбекона одоб-ахлоқ, шарму ҳаё, миллий менталетитимизга хос бўлган фазилатларни ёшларимиз ўзларида шакллантиришлари лозимлигини, ота-боболаримиздан йиллар силсиласидан ўтиб бизгача етиб келган ўзига хос таълим-тарбия қоидаларига бўйсуниш, уни ҳурмат қилиш, қадрлаш ва фарзандларимизга етказишимиз лозимлигини ва айнан мана шу жиҳатлар Юрт тинчлиги, Ватан тараққиётида дастуруламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Ж.Раупов айниқса, аёл-қизларимизнинг кийинишларида, жамоат жойларида ўзларини тутишларида мусулмон кишининг энг муҳим сифатларидан  бўлмиш ҳаё, иффат кўтарилиб кетаётганлигини тилга олиб, бу нафақат ўша қиз ёки аёлнинг балки, ўзгаларнинг ҳам гуноҳга ботишига сабаб бўлишини ҳадиси шарифлар билан таъсирчан тушунтириб берди.

Шариатимизда эркак ва аёлларнинг ўз кийиниш усуллари бор. Эркаклар хотинларнинг кийимини кийиши қанчалик хунук бўлса, эркакларнинг кийимларини кийган хотинлар ҳам шундай бўлади. Рус адиби Лев Толстой таъбири билан айтганда эркакка ўхшамоқчи бўлган аёл, худди хотинсифат эркак каби тасқарадир.

Тадбирда талаба-ёшлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 6219 times

Янгиликлар

Top