Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 26 декабрь куни Москва шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг норасмий учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Ново-Огарёво қароргоҳида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин кутиб олгани маълум қилинди.

Суратга тушиш маросимидан сўнг МДҲ давлат раҳбарларининг учрашуви бошланди.

Владимир Путин давлат раҳбарларини ташрифи билан қутлаб, Россиянинг МДҲга раислиги якунлари ҳақида тўхталиб ўтди. Жорий йил ўзаро интеграцияни мустаҳкамлаш ва ташкилот нуфузини ошириш бўйича муҳим ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилда Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ошганини таъкидлади. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик аъзо давлатларни узвий боғлаб туриши, ушбу учрашув алоқаларга янги суръат бағишлашини қайд этди.

2018 йил Россияда бўладиган воқеалар муҳим аҳамиятга эга экани, Президент сайловида Россия халқи муносиб номзодга овоз беражаги таъкидланди.

Учрашувда Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, хавфсизликни мустаҳкамлаш, минтақага таҳдид ва хатарларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди.

Маълумки, Ўзбекистон МДҲ доирасидаги ҳамкорликда фаол иштирок этиб келмоқда. Мамлакатимизнинг ушбу ташкилотга аъзо давлатлар билан турли соҳалардаги алоқалари изчил ривожланмоқда. Президентимиз шу йил 10-11 октябрь кунлари Сочи шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этди. 3 ноябрь куни пойтахтимизда Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида давлатимизнинг ташқи сиёсатидаги устуворликлар ҳам айтиб ўтилди. Мамлакатимиз, жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги билан алоқаларни янги босқичда давом эттираётгани таъкидланди. “Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё – бош устувор йўналиш” тамойили асосида қўшни давлатлар билан муносабатлар мустаҳкамланди. Бу Ҳамдўстлик доирасидаги алоқалар ривожида ҳам муҳим ўрин тутади.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Read 4001 times

Янгиликлар

Top