Ўзбекистон янгиликлари

Мурувватдан мамнун она

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У энг яхши Ризқ бергувчидир” (Сабаъ сураси, 39-оят), дейди. Инфоқ-эҳсон қилмаслик ва садақа улашмаслик ёки маблағи камайиб қолишидан қўрқиш Аллоҳ ҳақида ёмон гумон қилишдан юзага келади.

Халқимиздаги яхшилик қилиш, самимийлик, саховатпеша инсонларнинг етимпарвар ва камбағалпарварликлари бандаларга хос бўлган сифатлардан биридир.

Поёнига етиб бораётган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида отинойиларимиз маҳаллалардаги аёллар билан уларнинг оғирини енгил қилиш, дардлари ва муаммоларини тинглаб ечимини топиш борасида самарали ишларни амалга оширмоқда. Маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, ёлғиз қариялар ва ногиронларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, улар имкон даражасида моддий ва маънавий қўллаб қувватланди.

Шайхонтоҳур тумани Белтепа мавзеси, 4-уй, 43-хонадонда истиқомат қилувчи 1979 йил туғилган Раҳмонова Озода 2 нафар вояга етмаган ногирон фарзандлари билан бошпанасиз эди. Шайхонтоҳур туманида фаолият юритувчи отинойилар мунтазам равишда Озода опа хонадонига ташриф буюриб, суҳбатлар ўтказиб,  уларга моддий ва маънавий кўмак бериб келишган.

Давлатимиз раҳбарининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Раҳмонова Озода опага ҳам Сергели туманидан қурилган янги уйлардан 2 хонали хонадон берилди. Озода опанинг қувончи чексиз ва президентимизнинг ҳимматидан жуда миннатдор. Уйларни топшириш маросимига отинойиларимиз ҳам таклиф қилинди. Маросим тантанали равишда ўтказилди. Озода опанинг маҳзун кунлари гувоҳи бўлган отинойиларимиз унинг бугунги хурсандчилигини кўриб, Яратганга шукроналар айтиб, мамнун бўлдилар.

Дилбар ОТАБОЕВА,

Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг

Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси

Read 3548 times

Янгиликлар

Top