Ўзбекистон янгиликлари

Вакилларимиз хабар қилади: маънавий-маърифий ишлар таҳлилига бағишланди

2018 йилнинг 4 январь куни ЎМИ Тошкент вилояти вакиллигида туман ва шаҳарларнинг бош-имом хатиблари иштирокида 2017 йилнинг маънавий-маърифий ишлар таҳлили бўлиб ўтди. Унда Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, ЎМИ раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов қатнашдилар.

Йиғилишда 2017 йилда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, қўлга киритилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, 2018 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, режалар ва чора – тадбирлар ҳақида таклиф ва мулоҳазалар билдирилиб, керакли кўрсатмалар берилди. Хусусан, имом-хатибларнинг ўз устида ишлаши, замон билан ҳамнафас бўлган ҳолда билим ва дунёқарашини ошириб боришга алоҳида эътибор қаратиши, соф Ислом таълимотини кенг жамоатчиликка тарғибот қилишда жонбозлик кўрсатиши; масжидларнинг моддий аҳволини яхшилаш, намозхонлар учун ҳар томонлама қулай шароитларни ташкил этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Юртбошимиз айтганларидек, буюк алломаларимиз, улуғ аждодларимизнинг минглаб ўрганилмай кутубхоналарда сақланиб келаётган бебаҳо асарларини халққа етказиш учун тадқиқотлар ўтказиш лозимлигига алоҳида урғу берилди.

Шу билан бирга, яна бир қувончли ва масъулиятли ишлардан бири – жойларда қорилар ўртасида Қуръон мусобақаларини юқори савияда ва кўтаринки руҳда, кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда ўтказилишини таъминлаш тўғрисида зарурий кўрсатмалар берилиб, вазифалар топширилди, деб хабар беради вилоят бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4391 times

Янгиликлар

Top