Ўзбекистон янгиликлари

Қуръон мусобақасида қатнашувчилар сони 733 нафарга етди

Мусобақада қатнашувчиларни рўйхатга олиш жараёни ҳали давом этмоқда, деб хабар беради Қуръон мусобақасини ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz расмий порталида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ўтказилаётган Қуръон мусобақаси ҳақида мунтазам хабар бериб келмоқдамиз.

Хабарингиз бор, ушбу мусобақага иштирокчиларни рўйхатга олиш жорий йилнинг 4 январь кунидан бошланган эди. Ўтган қисқа вақт ичида бир неча юзлаб юртдошларимиз Қуръон мусобақасида иштирок этиш учун ҳужжат топширишди. “Катта хурсандчилик, кучли иштиёқ билан ҳужжат топширишга келаётган мўмин-мусулмон юртдошларимизни кўриб, кўзингиз қувнайди ва беихтиёр муҳтарам Президентимизнинг куни кеча Тошкент вилоятига қилган ташрифлари чоғида: Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади деган сўзлари нақадар ҳақиқат эканини англайсан киши”, дейди Ташкилий қўмита раиси Абдулҳаким қори Матқулов.

Ташкилий қўмитанинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизматига маълум қилишича, мусобақада иштирок этиш учун жорий йилнинг 8 январь ҳолатига кўра, Республика бўйича 556 нафар эркак ва 177 нафар аёл киши жами 733 нафар юртдошларимиз ҳужжат топширишган.

Эслатиб ўтамиз, Қуръон мусобақасида 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган барча фуқароларимиз ҳифз ва тиловат йўналишлари бўйича қатнашишлари мумкин. Иштирокчиларини рўйхатга олиш 13 январь кунига қадар давом этади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 7073 times

Янгиликлар

Top