Ўзбекистон янгиликлари

Ушалган орзулар: ҳар гўшада Қуръон тиловати

Қуръони карим мусобақаси ўтказилади, мусобақада истаган кишилар қатнашиши мумкин, деб эълон қилингандан бошлаб юртимизда ажиб бир байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундай фараҳбахш шукуҳки, унинг тароватини сўз билан таърифлай олмайсиз. Ўша кундан эътиборан Ватанимизнинг ҳар бир гўшасида Қуръон тиловатлари бошланиб кетди: энг чекка қишлоқлардаги қориларимиз ҳам танловга қатнашиб, шу баҳонада билимларини кўрикдан ўтказиб олишни орзу қилиб, яқин-атрофдаги устозларга қатнаб, уларнинг тавсиясига кўра ё шу йилнинг ўзидаёқ ҳужжат топширяпти ёки келаси йилгача янада пухтароқ тайёрланишга аҳд қиляпти. Ахир энг номдор қорилар билан беллашиш, “бу майдон ичра туриш” осон иш бўлибдими!..
Яратганнинг марҳаматини қарангки, юртимизда Қуръони каримни ёд олган, тажвиду тартиласини жойига келтириб ўқишни биладиган қориларнинг ҳисоби йўқ экан. Бугунги ҳолатга кўра, мусобақада қатнашишга журъат қилган, яъни ўзининг билимига, қувваи ҳофизасига ишонган 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган қори ва қорияларимиз сони салкам тўрт мингга яқин экан. Бундан қувонмай бўладими! Яна ҳам тўлиқ ва якуний маълумотни эртага сайтимизда эълон қиламиз.
Муҳтарам Президентимиз айтганидек, “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”.
Бинобарин, Қуръони каримни ўқиш, тинглаш шунчаки, унинг оҳангларига мафтун бўлиш билан ниҳоясига етмайди, балки инсоннинг қалбини юмшатади, ҳидоятга чорлайди. Унга амал қилиш орқали инсон икки дунё саодатига эришади. Зотан, илм ҳам, маърифат ҳам юмшаган қалбга йўл топади. Юмшаган қалб билан, кўзда ёш билан қилинган дуолар ҳам ижобат бўлади: элимизга нур, юртимизга барака киради.
“Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукур қилувчидир”(Фотир сураси, 29-30-оятлар)
Ушбу ояти каримада Қуръон ўқиган, тинглаган ва эҳсонлар қиладиган бандаларнинг ризқу насибасида асло танглик бўлмаслиги, фазилати эса тобора юксалиб боришининг хабари берилган.
Қуръон мусобақасининг туман-шаҳар босқичи очилиш маросими эртага Жиззах вилоятининг сўлим Зомин туманидаги замонавий усулда қайта барпо этилган “Маърифатли” жоме масжидида бўлиб ўтади.
Шу билан бошқа ҳудудларга ҳам мусобақа бошланишига ҳам дуо берилади. Ушбу маросимга қатнашишни истаган барча юртдошларимиз таклиф этилади. Ахир эртага миллионлаб юртдошларимиз кутган орзуси ушалади – Ўзбекистон миқёсидаги очиқ турдаги қорилар мусобақаси бошланади.
Бундан мамнун бўлган ҳамюртларимиз қўлларини дуога кўтариб, унинг шукронаси учун Парвардигоримизга ҳамду санолар айтмоқда, бу ишга ташаббускор бўлган Давлатимиз раҳбари, ташкилий ишларга бош бўлиб турган муфтий ҳазратлари ва муҳтарам олиму уламоларимиз ҳаққига дуолар қилмоқда. Кўпнинг дуоси кўл бўлади, деганларидек, иншоаллоҳ, ана шундай хайрли ва фазилатли танловлар ўтаётган юртимизга яхшиликлар уруғи ёғилиб, кунларимиз бундан-да нурафшон бўлажак.
Мусобақа жараёни тўғридан-тўғри эфирга узатиб борилади. У ерга бора олмаган ватандошларимиз мусобақанинг очилиш маросимини muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали онлайн кузатиб боришлари мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 4134 times
Tagged under

Янгиликлар

Top