Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: қорилар ва қорияларимиз кутилганидан хийла кўп экан

Қуръон мусобақаси иштирокчиларини рўйхатга олиш ниҳоясига етганга қадар ҳужжат топширсамми ёки кейинги йил уриниб кўрсамми деб иккиланганлар бўлди. Уларнинг баъзилари кейинги йил қатнашишга қарор қилиб бу йил ҳужжат топширмади. Рўйхатга олиш эса 15 январь куни якунланди. Ушбу рўйхатдан 5366 нафар иштирокчи ўрин олди: 3263 нафар эркак, 2103 нафари аёл-қизлар. Бу – ёшнинг чеклови билан олинган кўрсаткичдир. Яъни 18 дан 40 ёшгача бўлган қори ва қорияларнинг мусобақада қатнашишга азму қарор қилганларининг ҳисоби бу.

Қорилар ва қорияларнинг вилоятлар бўйича ҳисобининг эълон қилинганини кўрган киши уларнинг сони турли вилоятда турлича эканига гувоҳ бўлади. Аслида бу ҳам бир синов. Замонавий иборада айтилганда мониторингдир.

Жадвалдан аён бўлишича, Умумий ҳисобда, биринчи турган Фарғона вилоятида мураттаб ва мужаввид қори ва қориялари сони 1237 та; иккинчи ўринда турган Андижон вилоятида шундай қори ва қориялар1182 киши экан.

Фарғона вилояти 219 ҳисоб билан энг кўп мураттаб қори бўйича ҳам биринчи ўринда турибди. Андижон вилояти бу борада ҳам 174 ўрин билан иккинчи ўринда. Аммо Андижон ҳифз йўналишида 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган қорилар ичида 74 ҳисоб билан ҳаммадан олдинда.

Мураттаб қориялар бўйича Тошкент шаҳри ва Наманган вилояти 8 та ҳисоб билан биринчи ўринда, Сурхондарё ва Тошкент вилояти 7 ҳисоби билан иккинчи ўринда турибди.

Айни кунларда Бухоро, Жиззах, Сирдарё, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикасида мураттаб қориялар йўқ экан. Навоий вилоятида эса бир нафар қория бор экан. Лекин ушбу вилоят ёшларининг илм олиши учун яратилган қулайликлар ва аёл-қизларимизнинг илмга чанқоқлиги, иншоаллоҳ, яқин йиллар ичида бу камчиликни ёпиб кетади ва кейинги йилларда ўтказиладиган танловларда ушбу ҳудудлардан ҳам мураттаб қориялар чиқиб қатнашади.

Ушбу қорилар ва қориялар – Қуръони каримда марҳамат қилинганидек, орамиздаги яхшиларимиз, ҳадиси шарифда таърифланганидек, Қиёматда Қуръонни ўқиб кўтарилиб бораверувчилар, ота-онасига тож кийдирувчи энг фазилатлиларимиздир. Бу инсонларга хайрихоҳ бўлган, уларнинг сафи кенгайишига ҳисса қўшган, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турган кишилар асло кам бўлмайди. Қуръони каримга қараш ҳам савоб, уни эшитиш ҳам савоб. Уни ўқиб ўрганиш, ёдга олишнинг савоби ҳақида гапиришга тил ожиз. Қуръони карим тиловат қилинган жойга Аллоҳ таъолонинг файзи илоҳийси ёғилиб туради, раҳмат фаришталари ҳозиру нозир бўлади, балою қазолар, офатлар дафъ бўлади, шайтоннинг ҳийлалари кесилади. Қуръони каримни севувчилар кўп бўлган юртда барака ҳам, фаровонлик ҳам, тинчлик-хотиржамлик ҳам бардавом бўлади. Зеро, биз билмаган яна қанчадан қанча неъматлар борки уларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг Каломи шарофатдидандир.

Барчангизга Қуръон байрами муборак, азиз юртдошлар!

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4492 times

Янгиликлар

Top