Ўзбекистон янгиликлари

Наманганда фожиа қурбонлари хонадонларига таъзия билдирилди

Аввал, жума намозида республикамизнинг барча масжидларида Ақтўбе фожиасида ҳалок бўлганларнинг ҳаққига тиловати Қуръон қилиниб, дуолар қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсуновдан иборат бир гуруҳ мутасаддилар Қозоғистонда ҳалок бўлган юртдошларимиз хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг оила аъзоларига Юртбошимизнинг ҳамдардлиги ва таъзияларини билдирдилар.
Ушбу мутасаддилар машъум фожиада вафот этган ҳамюртлармизнинг ҳақларига дуолар қилиб, Яратган Парвардигордан уларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойлари жаннат боғларидан бир боғ бўлишини сўрашди.
Уламолар ва масъуллар ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ҳамда яқинларининг мусибатларига шерик эканларини айтиб, республикамизнинг барча масжидларида жума намозларида дуолар қилингани ва мадрасаларда хатми Қуръонлар ўқилаётганини билдиришди.
Мана шундай қайғули кунларда мутасаддилар доимо ҳамроҳ эканларини айтиб, ҳар қандай ёрдамга тайёр эканликларини изҳор қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 9803 times

Янгиликлар

Top