Ўзбекистон янгиликлари

Самарали ҳамкорлик йўлида

2018 йил 25 январь куни диний идорада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ўқувчи ёшлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 262- умумий ўрта таълим мактаби етакчиси Отабекхўжа Сафаров ҳамроҳлигида мактабнинг 45 нафар ўқувчиси иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари дуо билан очиб бердилар. Дастлаб, ўқувчиларга диний идоранинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Сўнгра, масжидлар бўлими ходими Исҳоқжон Бегматов сўзга чиқиб, таълим ва тарбия, одоб-ахлоқ, ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш мавзусида маъруза қилди.

У ўз нутқида жиноят содир этиш жуда ҳам оғир гуноҳ экани, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бундай хатти-ҳаракатлардан қаттиқ қайтарилганини жонли мисоллар орқали таъсирчан қилиб, тушунтирди. Жумладан, “Бир ишнинг гуноҳ эканини билган одам албатта ундан қайтади. Жиноятнинг қайси бир турини олиб қараманг, динимиз, инсонийликка хилофдир. Одам ўлдириш, ўғрилик, фирибгарлик, товламачилик – буларнинг барчаси инсон ҳаётига зарар” деб таъкидлади Исҳоқжон домла.

Учрашув жуда ҳам кўтаринки руҳда, савол-жавобларга бой бўлди. Ўқувчилар бугунги давра суҳбатидан нақадар катта маънавий озуқа олишганини уларнинг ёниб турган кўзларидан англаш мумкин эди.

Тадбир якунида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига Ўзбекистон ёшлар иттифонинг ташаккурномаси тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 1 декабрь куни ёшлар билан ишлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш учун Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандум имзолаш таклифи қўллаб-қувватланган эди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3849 times

Янгиликлар

Top