Ўзбекистон янгиликлари

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 28 январь куни Қашқадарё вилоятига жўнаб кетди.
 
Қашқадарё вилояти 1924 йил 1 ноябрда ташкил топган. Аҳолиси сони 3 миллион 148 мингдан зиёд. Умумий ер майдони 28 минг квадрат километр. Вилоятда 182 минг гектардан зиёд экин майдони мавжуд. Шундан суғориладиган ерлар – 122 минг гектарга яқин. Вилоят маркази – Қарши шаҳри. Вилоятдаги 13 та туман, 2 шаҳарнинг ҳар бири ўзига хос салоҳиятга эга. 50 йирик саноат корхонаси, 57 қўшма корхона, 14 минг 960 дан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти, 20 минг 333 фермер, 19 минг 917 деҳқон хўжаликлари фаолият юритмоқда. 
 
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан зарур топшириқлар берган эди. Ўтган бир йилга яқин вақт мобайнида вилоятда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги қувватларни ишга туширишни кўзда тутувчи кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. 
 
Вилоятда 2017 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 17 триллион 366 миллиард сўмни ташкил этди. Бандлик дастури доирасида 70 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. 2 минг 711 та, жумладан, саноатда 776 та, хизмат кўрсатишда 1 минг 115 та ва қишлоқ хўжалиги йўналишида 820 та лойиҳа амалга оширилди. 
Манба: http://uza.uz
Read 3391 times

Янгиликлар

Top