Ҳаж ибодати ислом арконларининг бешинчиси ва уни мусулмон киши умр давомида бир марта адо этиши фарз экани бежиз эмас. Чунки ҳаж амалларини бажаришдан олдин инсон унгача бўлган арконларни мукаммал тарзда адо эта бориб, ўзида ҳожилик рутбасига муносиб бўлган мустаҳкам имон-эътиқод, гўзал хулқ-одоб, энг асосийси, тақвони ҳосил қилган бўлиши лозим, деб хабар беради ЎзА.
Данғара тумани Кичик турк қишлоғилик Юнусали Мамажонов ҳам саховатпеша инсонлардан. У тадбиркорлик билан шуғулланиб, 20 га яқин ёшни иш билан таъминлаган. Шунингдек, ёрдамга муҳтож оилаларга доимо кўмак беради. Диний оқимларга адашиб қўшилиб қолганларга ҳам мураббий сифатида бириктирилган. Маҳаллада уни барча ҳурмат қилади. Маҳаллада тузилган ишчи гуруҳ томонидан бир неча номзодлар орасидан Ю.Мамажоновни ҳажга жўнатиш бўйича тавсия берилди.
– Анчадан буён улуғ ибодатни бажаришни ният қилиб юрардим, – дейди Ю.Мамажонов. – Яратганга шукр, бугун эмин-эркин ибодат қиладиган, диний фарзларни тўла-тўкис адо этиш учун барча имконият яратилган замонда яшаяпмиз. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу диний амални бажариш тартибига ўзгартириш киритиш, бундан кейин халққа фойдаси теккан, диний илмлардан хабардор ва энг муҳими, ўзининг кўп йиллик ҳаёт йўли билан бошқаларга ибрат бўла олган энг муносиб одамлар ҳажга бориши кераклиги тўғрисидаги фикрлари халқимизнинг айни дилидаги гап бўлди.
Ҳа, бугун ким билан гаплашманг, ҳажга боришдаги яратилган шароит ва имкониятлардан миннатдорлигини билдирмоқда. Ҳаж сафарига борувчи номзодларни танлашда адолат тамойилларига қатъий амал қилиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш, шунингдек, ҳажга борувчиларни саралаш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги қарорига асосан Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Энди моддий имконияти етган киши муборак сафарга кетавермайди, аксинча, унинг юксак маънавияти, ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги ҳамда жамият манфаати йўлидаги жонкуярлиги ҳам инобатга олинади.
Фарғона вилоятида ҳам низомга киритилган янги талабларга мувофиқ суҳбат ўтказилди ҳамда муборак ҳаж сафарига борувчилар сараланди. Вилоятдан 950 нафар фуқаро муборак сафарга борувчи сифатида рўйхатга олинди.
– Албатта, аввало ҳар бир мўмин-мусулмон учун муборак ҳаж ва умра сафарларига бормоқ фарздир, – дейди “Нуроний” жамғармаси Марғилон шаҳар бўлими раиси Турғунбой Нишонов. – Бироқ зиёратга бораётган ҳар бир муслим ва муслима даставвал муқаддас зиёратнинг бутун улуғворлигини чин кўнгилдан ҳис этиши ва бу сафарга муносиб бўлмоғи лозим. Шаҳримиздан 90 нафар фуқаро ҳаж, 140 нафар фуқаро умра зиёратига бориш учун саралаш синовларидан муваффақиятли ўтди.
Ҳажга бориш учун навбатга қўйиладиган номзодлар аввало моддий ва жисмоний жиҳатдан ҳаж сафарига қодир, ҳаж амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиш учун етарли диний билимга эга, маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши зарур.
– Мен бутун умримни ёш авлод таълим-тарбиясига сарфлаб келмоқдаман, – дейди Фарғона давлат университети профессори Турғуной Эгамбердиева. – Ягона орзуим мусулмончиликнинг муҳим амалларидан бири – ҳаж сафарини адо этиш эди. Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, ҳаж зиёратига ҳар томонлама муносиб инсонлар бориши лозимлиги тўғрисидаги талаблардан кейин менинг қалбимда ҳам умид пайдо бўлди. Маҳалламизда ўтказилган йиғинда менинг номзодим ҳам тавсия қилинди. Ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироким, маҳалладаги тадбирларда доимий қатнашиб келаётганим эътиборга олиниб, ҳаж зиёратига боришим айтилганида кўзларимга ёш келди. Инсоннинг эзгу амаллари эътироф этиладиган бундай адолатли тизим жорий қилингани учун Аллоҳга шукрлар айтдим.
ЎМИ Матбуот хизмати