Ўзбекистон янгиликлари

Ўта ҳаяжонли онларни ўтказиб юборманг

Азиз Қуръон мухлислари, қорилар мусобақаси бошланганига ҳам мана 15 кун бўлди. Ушбу мусобақа барчамизга чин маънодаги қувончу шодликларни олиб келди. Қориларнинг ҳузурбахш тиловатлари одамлар қалбига нур бўлиб кирди, дардманд кўнгилларга шифо, ўксик қалбларга таскин бўлди. Мана шундай кунлардан чексиз мамнун бўлган ҳамюртларимиз қўлларини дуога кўтариб, яратган Парвардигорга ҳамду санолар айтишмоқда, бу ишларга ташаббускор бўлган Давлатимиз раҳбари, барча мутасаддилар ҳаққига дуолар қилишмоқда.
Шу кунга қадар қилган ишларимизни сарҳисоб этадиган бўлсак, республикамизнинг 8 та ҳудудида – Жиззах (122 нафар), Сирдарё (89 нафар), Самарқанд (486 нафар), Бухоро (155 нафар), Навоий (106 нафар), Хоразм (111 нафар), Сурхондарё (215 нафар) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (112 нафар) мусобақанинг ҳудудий босқичлари кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Ҳар бир ҳудуддан 18-25 ва 26-40 икки ёш тоифасидаги қатнашувчи эркаклар ва аёллар икки йўналишда, яъни “Ҳифз” (тўлиқ ёд олган) ва “Тиловат” (қисман ёд олган) бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди.
Жойларда мусобақанинг шаҳар ва туман босқичлари шу йил 15 январдан бошланган эди. Шу кунгача 1396 нафар, шундан 736 эркак, 390 аёл иштирокчи мусобақада қатнашди. Улардан 129 нафари вилоят босқичига йўлланма олди.
Мазкур 8 та ҳудудда мусобақа якунлангандан кейин, ҳакамлар ҳайъати ва ташкилий гуруҳ икки кунлик танаффусга чиқди. Улар эртадан кейин 1 февраль куни яна мусобақаларни ўтказишга киришадилар.
Энди мусобақа энг шиддатли тусга кирмоқда. Чунки қорилар ватани бўлган водий вилоятларида мусобақаларга оқ фотиҳа берилади. Шу йилнинг 1-4 февраль кунлари Андижон вилоятидаги 1182 нафар иштирокчи шаҳар ва туман босқичларида қатнашадилар. Қолган вилоятларда ҳам навбатма-навбат мусобақалар 15 февралга қадар давом этади.
Иштирокчилар бўйича рақамларни қиёслайдиган бўлсак, водий вилоятларидаги биргина Андижонда қорилар сони шу кунга қадар 8 та ҳудуддаги қорилар сонига яқин келади. Бу кўрсаткич ҳақиқатан Андижон қорилар етиштириб чиқарадиган замин эканини яна бир бор исбот қилмоқда.
Мана шулардан хулоса қилиш мумкинки, 1 февраль куни ушбу вилоятда бошланадиган қорилар мусобақаси бутунлай бошқача рақобат, ўзагача кайфият ва шиддат билан ўтади, иншоаллоҳ. Айни пайтларда мусобақага тайёргарлик ишлари авжида.
Шундай экан азизлар, Қуръон мусобақасининг энг юқори нуқталаридаги ўта ҳаяжонли онларни ўтказиб юбормай, бизни кузатишда давом этинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3326 times

Янгиликлар

Top