Ўзбекистон янгиликлари

Араб тили курслари - Қуръон курслари...

Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг 2017 - йил, 13 - ноябрдаги буйруғига биноан мадрасаларимиз ва 2 та олий ўқув юртларимизда «Араб тили курс»лари ташкил этилди. Талабалар қабул қилиш жараёни якунланиб, ҳозирда 9 мадраса, 2 нафар аёл-қизлар мадрасаси ҳамда иккита олий Ислом ўқув юртларидаги кусларда жами 780 нафар талабалар араб тилидан таълим олмоқдалар.

Ўзбекларга хос бўлган ихлосли ватандошларимиз рўйхатга ёзилишга улгуриб қолай деб эрта тонг саҳардан ўқув юртларини эшиги олдига бориб турдилар. Уларнинг ичида ёшлар, ўрта ёш ҳамда ёши улуғ отахонлар ҳам бор. Ҳаммаси бир мақсадда - «Араб тилини ўрганаман!» деб келдилар.

Шу ўринда қизиқ бир савол туғилади: "Ёши улуғ отахонлар кексайган ёшида араб тилини ўрганиб нима қилади? Арабистонга борадими? Ёки сайёҳларга таржимонлик қиладими? Шундай мақсади бор бўлса ҳам уларга 3 ой муддат араб тилини бошдан оёқ ўрганиб олишга етадими?" Албатта, йўқ. Демак, уларнинг мақсади бир - «Мен Қуръон тили - араб тилини ўрганаман!...»

Ўзим ҳам курсга ёзилмоқчи бўлганларнинг бир нечтаси билан тўқнаш келиб, суҳбатлашиб қолдим. Уларнинг ҳаммаси: «Мен қандай ёзилсам бўлади, ахир 60 тагина одам ёзилар экан, менга ўрин етмай қолсачи?!» деган ташвишда эдилар. Тўғри, буни ҳеч ким инкор қилмайди, қалбул қилинувчилар сони озлиги ҳаммани бир маънода кўнглини хира қилади. Лекин узоққа эмас, бир неча ой олдинги кунларга назар солайлик, шу курсда 60 та эмас, 6 дона ўқувчи ўқиётганмиди? Бу курсларнинг ўзи мавжуд эдими? Ахир ҳозир борку, демак, Аллоҳга шукр келтирмаслик қанчалик тўғри бўлар экан? Ахир, Аллоҳ таоло Ўзининг муборак каломида:

«Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз(ношукрлик қилсангиз), албатта, азобим шиддатлидир»(Иброҳим сураси 7 - оят) ояти каримасини унутиб қўйдикми?

Ёки ижтимоий тармоқларда баъзи бир инсонлар «Қуръон курсини ўрнига араб тили курси очилибди» деган сўзлари қай даражада ўринли бўлади?

«Ақл эгалари учун белгилар бор» (Оли Имрон сураси, 190 - оят).

...Бир ҳисоблаб кўрайлик, ҳозирги кунда жами 780 талаба тайёрлов курсда таълим олмоқдалар. Улар 3 ойдан сўнг битирсалар, яна янги талабалар қабул қилинади, демак, шу зайлда давом этса, Худо хоҳласа бир йилда 4 марта талабалар алмашади, бу дегани бир йилда жами 3120 битирувчилар бўлади. Бу дегани 3120 Қуръон ўқигувчилар дегани эмасми...  Бу дегани ҳар бир вилоятда 240 нафарга яқин Қуръонни тиловат қила оладиган инсон бор бўлади, 240 нафарга яқин хонадонда Қуръон тиловати қилинади. 240 нафар маҳаллада кечаси Мулк сураси тиловат қилинганда бутун маҳаллага Мулк сурасининг фазилатидан баракот ёғилади. Бомдод намозидан сўнг Ясин сураси ўқилганида эса, Ясин сураси фазилатидан бутун қишлоқ устидан Аллоҳнинг раҳмат ва баракоти ёғилади. Шомдан сўнг Воқеа сураси ўқиладиган бўлса, камбағаллик кўрилмайди. Ҳамда бу йили Қуръон мусобақасида жами 5 мингдан зиёд қорилар қатнашган бўлса, келаси йили, иншааллоҳ 2880 нафар иштирокчи қўшилади дегани...

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, она заминимизда олиб борилаётган бундай гўзал ислоҳотларга нисбатан хайрихоҳ бўлишимиз, бефарқ бўлмаслигимиз, аксинча бу хайрли ишларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Шу билан бирга шошилмасдан, сабр билан, Аллоҳ таолодан намозларимизда бу янгиликларни давомли, янада кенг доирада бўлишини дуо қилиб сўрашимиз керак. Ҳамда бу эзгу ишларнинг бошида турган юртбошимиз, барча раҳбарларимиз, муфтий ҳазратлари ва бошқа масъуллар ҳақига сиҳат-саломатлик, фаолиятларига ривож беришини чин қалбдан дуо қилишимиз -  бизнинг бурчимиз. Муборак ҳадиси шарифда:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон кишининг бошқа бир мусулмонга ғоибона қилинган дуосидан тез ижобат бўладиган дуо йўқдир» - деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

 

Бахтиёр НАЖМИДДИНОВ

Тошкент Ислом институтининг талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 12246 times

Янгиликлар

Top