Аввалроқ, 1 февралдан Президент виртуал қабулхонаси дастурий тизимининг янги талқини ишга тушиши, ҳар бир фойдаланувчига шахсий кабинет очиш, кўп бериладиган саволларга батафсил жавоб олиш ҳақида хабар қилинганди.
Хўш, унда жисмоний ва юридик шахслар учун яна қандай янги қулайлик ва имкониятлар тақдим этилмоқда?
Портал орқали онлайн режимида ҳуқуқий маслаҳат олиш мумкин
Виртуал қабулхонанинг янги дастурий тизимида фуқароларга қулай бўлган шаклда турли муаммо ва масалалар бўйича малакали юридик ёрдам берилишини таъминловчи «Онлайн маслаҳатчи»модули яратилди. Бу модул «Кўп бериладиган саволлар» бўлими билан ҳамоҳангликда ишлайди.
Бунда турли тармоқлар ва фаолият соҳалари бўйича маслаҳатчи сифатида жалб этилган малакали мутахассислар жисмоний ва юридик шахсларга реал вақт режимида маслаҳат бериб бориши ва мазкур хизмат шу йил 15 февралдан бошлаб тест режимида ишга туширилиши кўзда тутилган.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, мурожаатларнинг салмоқли қисмини ҳуқуқий ахборот ёки маълумот олиш мақсадида юборилган мурожаатлар ташкил этади. Фуқаролар ҳаётда учрайдиган турли-туман масалаларда ҳуқуқий маслаҳат олиш учун ҳам виртуал қабулхонага мурожаат қилар ва мурожаат кўриб чиқилиб, жавоби мурожаатчига етиб боргунича анчагина вақт талаб қилинар эди.
«Онлайн маслаҳатчи» хизмати виртуал қабулхона орқали савол юбориб, онлайн режимда юридик маълумотга эга бўлган мутахассислардан тезкор ҳуқуқий маслаҳат олиш имкониятини тақдим этмоқда. Эндиликда у ёки бу масала бўйича ҳуқуқий ахборот олиш учун бир неча кун жавоб хати келишини кутиш зарурати қолмайди. Бу ўз навбатида порталда рўйхатга олинаётган, фақат ҳуқуқий маълумот олиш назарда тутилган мурожаатлар сони қисқаришига, давлат органларида бошқа турдаги мурожаатлар билан ишлаш сифати ошишига хизмат қилади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий маълумот олишга бўлган эҳтиёжлари тезкор равишда таъминланишига эришилади. “Онлайн маслаҳатчи” модули орқали кўп бериладиган саволлар мунтазам таҳлил қилиниб, шу асосда “Кўп бериладиган саволлар” бўлими тўлдириб борилади.
Давлат органлари раҳбарларига Президент виртуал қабулхонаси орқали ҳам мурожаат йўллаш мумкин
«Вазирлик ва идоралар раҳбарларининг фуқароларни қабул қилиш жадваллари ва уларга мурожаат юбориш» модули жорий қилинди. Бу билан pm.gov.uz манзилида барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг фуқароларни қабул қилиш жадваллари ягона базада жойлаштирилди. Яъни, давлат органлари раҳбарларининг фуқаролар қабулига доир маълумотлар – қабул кунлари, вақти, тегишли телефон рақамлари, электрон почта манзиллари, давлат органининг манзили ҳақидаги маълумот бир жойда жамланди.
Айрим ҳолларда жисмоний ва юридик шахслар ўзларини қизиқтирган масала учун қайси давлат органи масъул экани борасида етарли билимга эга бўлмайди. Шу боис мазкур модулда алоҳида «Функция ва вазифалар» бўлими ташкил этилиб, давлат органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ функция ва вазифалари тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш имконияти яратилди.
Ҳозир турли бўғиндаги раҳбарларнинг виртуал қабулхоналарига мурожаат йўллаш шакллари турлича бўлиб, уларнинг расмий веб-сайтларида бу ҳақда эълон қилинган. Бироқ, уларни излаб топишда ноқулайликлар мавжуд. Шундан келиб чиқиб, фуқароларга портал базасида ўз мурожаатларини бевосита тегишли давлат органларига юбориш имкониятини тақдим этиш мақсадида давлат органлари раҳбарларининг шахсий виртуал қабулхонасига мурожаат йўллаш шакллари бир жойга жамланди. Эътиборли жиҳати шундаки, бундай йўсинда йўлланган мурожаатлар билан ишлаш жараёни ҳам доимий равишда назорат қилиб борилади.
Халқ қабулхоналари ҳақидаги барча маълумот билан портал орқали ҳам танишиш мумкин
«Халқ қабулхоналари манзиллари» бўлимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиш мумкин. Барча Халқ қабулхоналарининг манзили, телефон рақамлари, электрон почтаси, геолокация маълумотлари ва бошқа фойдали материаллар қулай тартибда тақдим этилмоқда. Фуқаролар ва тадбиркорлар керакли Халқ қабулхонаси тўғрисидаги маълумотни Ўзбекистон интерактив харитаси орқали топиши мумкин. Алоҳида олинган Халқ қабулхонасининг жойлашган манзили онлайн харитада ёки сунъий йўлдошдан суратга олинган харита режимида кўрсатилган.
Маҳаллангизни кўрсатинг ва муаммолар ечимига ҳисса қўшинг
Виртуал қабулхонанинг янги талқинида фуқаро мурожаат юбориш жараёнида ўзи истиқомат қилаётган маҳаллани ҳам кўрсатиб ўтиши учун имконият яратилди. Бу муаммога ечим топиш даражасини янада оширади. Шу йўл билан мурожаатда кўтарилган муаммо муайян ҳудуддаги қайси секторга тааллуқли экани аниқланади. Айни пайтда ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ҳудудида қандай муаммолар мавжуд эканини онлайн таҳлил қилиш, уларни комплекс ҳал этиш учун яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган аниқ чора-тадбирлар, “йўл харита”лари ишлаб чиқиш имкониятлари кенгаяди.
Таъқиб бўлса, тезкор хабар бериш мумкин
Виртуал қабулхонадаги яна бир янгилик – мурожаатчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида «Таъқиб ҳақида хабар» модули жорий қилингани бўлди. Агар кимда-ким ариза ёки шикоят билан мурожаат қилгани туфайли таъқибга учрайдиган бўлса, бу ҳақда махсус тугма орқали тезкор хабар бериши мумкин. Бундай хабарлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини жалб этган ҳолда устувор ва тезкор равишда кўриб чиқилади.
Мурожаат ва масъулият
Энди порталда фуқаролар ўз мурожаатини юборишдан аввал мурожаат юбориш қоидалари билан танишгани ва бу борада қонунда белгиланган масъулияти тўғрисида хабардор эканини тасдиқловчи белги қўяди. Бу мурожаатчиларнинг ҳам масъулиятини оширишга, мурожаат маданиятини юксалтиришга туртки беради.
Шу пайтга қадар айрим мурожаатчилар томонидан мурожаат юбориш жараёнида бошқа шахсларга тегишли бўлган ёки умуман мавжуд бўлмаган телефон рақамини кўрсатиш, бошқа фуқаролар номидан мурожаат юбориш ҳолатлари учраб турарди. Ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш муайян вақт ва ресурсларни талаб қилишини, аниқ мақсадсиз мурожаат учун сарфланган вақтни бошқа асосли ариза ёки шикоят устида ишлашга йўналтирган ҳолда муаммони ҳал қилиш фуқаролар учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам ҳар томонлама фойдали эканидан келиб чиқиб, янги тизимда мобиль телефон рақамини тасдиқлаш механизми жорий этилди.
Бунда мурожаатчи махсус мурожаат шаклига ўз мобиль телефон рақамини киритади. Шундан кейин мурожаатчининг мобиль телефонига бир марталик парол СМС-хабар шаклида юборилади. Натижада ҳам мурожаат аниқлиги ва ишончлилиги ортади, ҳам мобиль телефон рақами тасдиқланади. Бу барча давлат органларининг виртуал қабулхоналари фаолиятига ҳам татбиқ этилади.
Шу пайтгача фуқаролар ва тадбиркорлар ўз мурожаатлари кўриб чиқилишининг жорий ҳолатини исталган вақтда базага махсус рақамни киритиш йўли билан текшириб кўриш имкониятидан фойдаланиб келаётган эди. Янги талқиндаги тизимда мурожаатнинг қабул қилингани ва назоратдан ечилгани тўғрисида тасдиқланган мобиль телефон рақамига СМС-хабарнома юборилиши йўлга қўйилмоқда.
Янгиликлардан хабардор бўлиб боринг
Виртуал қабулхонанинг янги талқинида давлат органларининг мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги фаолияти, ижобий ҳал этилган масалалар, виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари тўғрисидаги янгиликлар билан янада кенгроқ танишиш имконияти яратилди. Порталга келиб тушган ва кўриб чиқилган мурожаатларнинг умумий сонини, статистик маълумотларни реал вақт режимида кузатиш имконияти мавжуд.
Бир сўз билан айтганда, виртуал қабулхонанинг янги талқини жисмоний ва юридик шахсларга самарали ахборот, интерактив хизматларни тақдим этиш билан бирга, фуқароларнинг давлат органлари билан ҳамкорлик механизмларидан фойдаланиш имконияти ва қулайлиги даражаси ошишига хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Президент виртуал қабулхонаси дастурий тизимининг янги талқини бир неча соатдан сўнг, яъни 2018 йил 1 февраль соат 00.00 дан бошлаб pm.gov.uz интернет манзилида ишга туширилади.