Андижон вилоятида бўлиб ўтаётган Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичида Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Равшан Мамадалиев сўзга чиқиб, шундай деди: “Андижон вилоятидаги Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичига хуш келибсиз. Шу кунга қадар мамлакатимизнинг 8 та ҳудудида мусобақалар жуда ҳам кўтаринки руҳда ўтганининг бевосита кузатиб турдик. Қуръон мусобақалари илгари ҳам ўтказилган. Лекин тан олиб айтиш керакки, бунақанги даражада, катта давраларда, шундай юксак эътибор берилмаган. Албатта бугун Қуръон мусобақасини шу даражадаги кўтаринки кайфият билан ўтишига йўл кўрсатган муҳтарам Президентимизга ташаккур айтамиз. Давлатимиз раҳбари диний соҳага катта эътибор қилиб, халқимизнинг эҳтиёжини таъминлаш йўлида жуда ҳам катта хайрли ишларни қилаётганларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Мана бугун яхши ният билан келган, ўзини намоён этмоқчи бўлган Андижон шаҳридан 200 дан ортиқ, вилоят бўйича эса 1000 дан зиёд қорилар қатнашаётгани барчамизни мамнун этмоқда, хонадонларимизни нурга тўлдирмоқда. Ушбу мусобақа сабаб қалбларимиз, Андижонимиз нурга бурканмоқда. Сўзимнинг якунида, бутун мамлакатимизга, дунёга нурлар ёғилиши, катта ажрлар берилиши, Қуръон мусобақасининг барча босқичларига муваффақиятлар тилайман”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати