Ўзбекистон янгиликлари

Тошкентда бемор ва унинг қариндошларига қўполлик қилган тиббиёт ходимлари ишдан олинди

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов раислигида 5 февраль куни вазирликнинг навбатдан ташқари ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Видеосеклектор тарзида ўтган йиғилишда Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, республика тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаси раҳбарлари, олий ўқув юртлари ректорлари ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари директорлари иштирок этди, дея хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати.

Ҳайъат йиғилишининг биринчи масаласи аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлилига бағишланди. Президент виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатларнинг тиббиётга тегишли қисми ўрганилганда, уларнинг 12,6 фоизи айнан соғлиқни сақлаш ходимлари ҳаракати, бемор ва унинг қариндошларига нисбатан қўпол муомалада бўлинаётгани ҳақида экани маълум бўлди.

Тошкент шаҳар I.Иргашев номли 4-сон клиник шифохонаси травматология бўлимида даволанаётган бемор томонидан юборилган мурожаат ўрганилганда ҳам шифохонада айни шу камчиликларга йўл қўйилаётгани аниқланган. Бемор ва унинг қариндошлари билан ўтказилган суҳбат жараёнида шифохонанинг травматология бўлими мудири Т.Тоғаев ва ҳамшира М.Толипова ҳақиқатан ҳам тиббиёт ходими деонтологияси талабларини қўпол равишда бузиб келгани маълум бўлди.

Бугун биз Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида янгича ишлаш тизимига ўтаяпмиз. Яъни ишимизга баҳони халқ берадиган, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қиладиган тизимга. Ҳаётнинг ўзи олдимизга энг асосий мақсад — инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Давлатимиз раҳбарининг қатъий талаби ҳам шу. Ҳар бир раҳбар ходим халқ дарди, халқнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиши шарт. Шу каби ҳолат бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам содир бўлмаслиги, барча ўзига тегишли хулоса чиқариши учун мазкур масала муҳокамасини бугунги навбатдан ташқари бўлаётган ҳайъат йиғилишимизнинг бош масаласи сифатида олиб чиқдик.

Алишер Шодмонов, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири

Юқорида кўрсатилган камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳамда шифохонада маънавий муҳит бузилганлиги, тиббиёт ходимлари ўртасида этика, деонтология масалалари талабга жавоб бермаганлиги учун Тошкент шаҳар I.Иргашев номли 4-сон клиник шифохонаси бош шифокори С.Алимов, шифохонанинг бош ҳамшираси Ш.Алимова, травматология бўлими мудири Т.Тоғаев ва травматология бўлими ҳамшираси М.Толиповалар ўз вазифаларидан озод этилди.

Йиғилиш якунида ҳар бир тиббиёт ходимининг асосий вазифаси аҳоли саломатлигини янада яхшилаш, оилаларга кириб борган ҳолда мулоқот ўрнатиш, кафолатланган ҳамда бошқа тиббий хизмат турларининг ўз вақтида ва кўнгилдагидек кўрсатилишини таъминлаш экани яна бир бор таъкидланди.

Манба: https://daryo.uz

Read 3761 times

Янгиликлар

Top