Ўзбекистон янгиликлари

Қашқадарёда Қуръони карим мусобақаси!

Қуръони карим инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган, ақл юргизиб, тафаккур қилиб ўқилса, ҳидоятга чорлайдиган муқаддас китобдир. Инсон Қуръони карим оятларини ўқигани, эшитгани, ёд олгани сари руҳи енгиллашиб, зеҳни ўткир бўлиб бораверади. 

Аллоҳ таоло Қуръонни шифо эканининг хабарини бериб, бундай марҳамат этади:  “(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” (Исро, 82). 

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий орқали нозил қилган каломидир. Ҳар бир мусулмон унинг ҳайбатини қалбда ҳис қилиб, ҳурматини ўз ўрнига қўйиши лозим. Уламоларимиз оят ва ҳадисларга асосланиб, Қуръон ўқиш, тажвид қоидаларига риоя қилиш, тинглаш ва унга амал қилиш кўп фазилатли ва савобли эканини таъкидлашган. Аллоҳ таоло бу борада Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!”.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни овозингиз билан безанг. Зеро, хушовоз Қуръон чиройини орттиради!” деб марҳамат қилдилар”

Қуъонни ўқиш ҳам, эшитиш ҳам ибодат. Киши Қуръонга сомеь бўлгани учун савоб олади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир оятни эшитса, унга икки ҳисса (кўп) савоб ёзилади. Кимда-ким Қуръонни тиловат қилса, қиёмат куни унинг учун (ёритувчи) нур порлайди” (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривоят қилган). Ким Қуръоннинг бир оятини эшитса, унга ажр-савоблар кўпайтириб ёзилади.

Қуръон ўқувчига бир ажр, эшитувчига эса икки ажр бор. Ўқувчи ўқиганига ажр олса, эшитувчи эшитганига ва жим турганига ажр олади. Ўқувчи биргина аъзоси, яъни  тили билан ўқиса, эшитувчи икки қулоғи билан эшитади. Ўқувчи ихтиёрий ўқиган пайтда ҳам эшитувчи мажбурий жим туриб фарз амалини бажариб тинглайди. Шунинг учун эшитишнинг савоби ўқишнинг савобидан-да кўпроқдир.

Муҳтарам Президентимиз айтганидек, “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”.

Қашқадарё вилоятида “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” ҳудудий босқичлари катта қизиқиш ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда. Мазкур Қуръон мусобақасининг 1-ҳудудий босқичи 2018 йил 5 февраль куни Шаҳрисабз шаҳридаги Ёшлар саройида бўлиб ўтган бўлса, 6 февраль куни Қарши шаҳар “Бахтли оила” кошонасида ушбу Қуръон мусобақасининг 2 ва 3-ҳудудий босқичлари бўлиб ўтди. 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3932 times

Янгиликлар

Top