Ўзбекистон янгиликлари

Ибрат бўлдинг болакай...

Малайзиялик 11 ёшли Раден Набил исмли болакай мактабдаги дарслари тугаганидан сўнг ҳар куни отасининг олдига ошиқади. Боиси, отаси бундан 3 йил муқаддам автоҳалокат туфайли ўрнидан қимирламай, фақат ётишга мажбур бўлиб қолган.

Раден уч йилдан бери ҳар куни отасининг олдига келиб, азон айтади, Қуръони карим тиловат қилади, кўзида ёш ила Аллоҳдан шифо беришини сўраб дуо қилади.

“Отам билан масжидга борган, бирга намоз ўқиган кунларимизни жуда соғиндим. Отам тузалиб кетгунига қадар ҳар куни отамнинг олдига келиб дуо қилишда давом этаман”, дейди Раден Набил.

Болакай ҳар бир мўмин-мусулмондан отасининг ҳақига шифо сўраб дуо қилишингизни илтимос қилади.

Тафаккур, шукр қилинг, ибрат олинг! Бугун дунёда неча минглаб фарзандлар соғ-саломат ота-онасини қадрига етмай, қариялар уйига ташлаб кетмоқда.

Дуо қилинг! Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мусулмон кишининг биродари ҳаққига қилган ғойибона дуоси ижобат қилинувчидир, унинг боши устида бир фаришта туради, қачон биродарига яхшилик тилаб дуо қилса, фаришта: “Омийн, сенга ҳам ўшанча бўлсин”, дейди (Имом Муслим ривояти).

Минглаб ўрин-тўшакка “михланиб” қолган бемор, бошига мусибат тушганлар СИЗнинг дуоингизга муҳтож.

Марҳамат, қуйида Раден Набил отасини зиёрат қилгани акс этган видеолавҳани кўришингиз мумкин.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4005 times
Tagged under

Янгиликлар

Top