Кеча, 15 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Бухоро вилоятидаги масжид-мадрасалар фаолияти билан яқиндан танишиш, талабалар билан мулоқотлар ўтказиш ва намозхонлар билан учрашувлар ташкил этиш мақсадида, Бухоро вилоятига хизмат сафарларини бошладилар.
Бугун муфтий ҳазратлари Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасига ташриф буюриб, билим юртининг устоз-мураббийлари ва талабалари билан давра суҳбати ўтказдилар. Шунингдек, Мир Араб мадрасасининг иш фаолияти, таълим-тарбия жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
Мулоқотда Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва улкан ўзгаришлар тўғрисида гапириб бердилар. Ҳазрат сўзларида давом этиб, янги масжид-мадрасалар очилаётгани, халқаро марказлар, илмий мактаблар фаолият юритаётганига алоҳида тўхталдилар. Жумладан, Бухоро шаҳрида учта мадраса, битта илмий мактаб фаолият олиб бораётгани катта неъмат экани, бу нарса ушбу заминда ҳоки поки қўним топган азиз авлиёлар шарофатидан эканини тушунтирдилар. Шунинг учун ҳам талаба-ёшлар ушбу мақомга муносиб бўлишлари, етти пир авлиёлари ҳақида тўлиқ маълумотни эгаллашлари, уларга муносиб ворис бўлишга интилишлари, улар қолдирган меросни ўрганиш ва устозларни ҳурмат қилиш ҳақида алоҳида тўхталдилар. Бухоро қадим-қадимдан Ислом дини таянчи деган буюк шарафга муяссар бўлгани, шунинг учун ҳам “Бухоро қуббати исломи дин аст” деб бежиз айтилмаганини шарҳладилар.
Бугун муҳтарам Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифлари аввалида Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлаганлари, Бухоро вилоятида муқаддас қадамжолар кўплиги, уларни зиёрат қилиш юртдошларимиз учун ҳам қарз, ҳам улкан саодат эканини таъкидлаганлари, айниқса, ёш авлодни аждодларимизнинг маънавий мероси асосида тарбиялаш ҳақида алоҳида сўз юритганларини батафсил изоҳладилар.
Бухоро вилоятига сафар давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати