Ўзбекистон янгиликлари

Буюк ипак йўли: нега чўл ўртасидаги қудуқларда доим сув бўлган?

Хитой ва Марказий Осиё шаҳарларини Ўртаер денгизи мамлакатлари билан боғловчи Буюк ипак йўли кўп асрлар давомида ушбу ҳудудлар ўртасидаги савдо ва маданият алмашинув жараёнларида муҳим рол ўйнаган. У эрамиздан аввалги II асрда Хитой ва Фарғона водийси шаҳарлари ўртасидаги савдо йўли сифатида юзага келган бўлиб, кейинроқ Шарқ ва Ғарб ўртасидаги муҳим транспорт алоқа йўли мақомини эгаллади ва ўрта асрларга қадар амал қилди, деб ёзади TravelAsk.

Фото: TravelAsk

Буюк ипак йўлининг асосий қисми Осиёнинг чўл ҳудудларидан ўтган. Қимматбаҳо юкларни ташиш учун савдогарлар қизиб турган қумларда юришга жуда яхши мослашган туялардан кўпроқ фойдаланган.

Фото: TravelAsk

Сайёҳлар дуч келган энг асосий муаммо йўналишнинг катта қисмида сувнинг йўқлиги эди. Туялар фойдали жойни эгаллайдиган ва олиб кетилаётган юк ҳажмини камайтирадиган сув идишларини кўтариб юрмаслиги учун қадимги замоннинг маҳоратли конструкторлари қизиган қумлар орасида қудуқлар барпо этди. Улар «сардоба» деб аталиб, уларда доим сув бўлган. Бундай қудуқларни бугунги кунда ҳам Ўрта Осиёнинг баъзи шаҳарларида учратиш мумкин.

Фото: TravelAsk

Ноёб муҳандислик иншоотлари йўлнинг ҳар 12—15 километрида жойлашиб, 150—200 туядан иборат карвоннинг чанқоғини қондира олган. Бу қудуқлардаги сув ерости сув манбалари туфайли эмас, атмосфера ҳавосидан сув олишга қодир оригинал конструкция ёрдамида тўпланган.

Фото: TravelAsk

Ишониш қийиндек кўринса-да, қадимги муҳандислар қудуқларни қуришда уюрма эффектидан фойдаланган. Конструкциянинг ўзи ташқаридан қараганда, тошдан ишланган кичикроқ чодирни эслатган ва бир нечта туйнуклари бўлган. Қудуқнинг ярмидан ортиқ қисми ер остига кўмилган бўлиб, сувга етиш учун зинадан пастга тушиш керак бўлган. Том ва ён томон туйнукларининг махсус конструкцияси туфайли қудуқ орқали мунтазам чўл ҳавоси айланиб турган. Мутахассисларнинг баҳолашича, чўл ҳавоси ҳажми суткасига бир неча минг кубометрга етган.

Фото: TravelAsk / «Дарё»

Ҳатто чўлнинг қизиган ҳавосида ҳам сув буғлари мавжуд. Катта маҳорат билан барпо этилган иншоот ғояси айнан мазкур билимга асосланган. Араб сайёҳларининг хотирлашича, доим салқин бўлган қудуқ ичига тушган иссиқ ҳаво совиган ва ўзидаги сувни томчилар шаклида берган. Mусаффo салқин сув тош тепаликдан қудуқ тубидаги махсус чуқурликка оқиб тушган. Одамлар ичиш ва туяларини суғориш учун у ердаги сувдан фойдаланган.

Фото: TravelAsk

Афсуски, бу қадимги қурувчилар ким бўлганлиги ҳақидаги аниқ маълумотлар сақланмаган. Бироқ тадқиқотчилар улар хитойлик муҳандислар бўлганлигини тахмин қилмоқда. Ахир Буюк ипак йўли Хитой иқтисодиётида муҳим рол ўйнаган, мамлакат раҳбарияти эса унинг гуллаб-яшнаши учун кўп куч сарфлаган.

Фото: TravelAsk 

 

Манба: https://daryo.uz

Read 4103 times

Янгиликлар

Top