Ўзбекистон янгиликлари

Ислом билим юртида мусулмонлар бирдамлигига бағишланган тадбир ўтказилди

Бухоро шаҳар “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида 2018 йил 17 февраль куни “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг”

мавзусида тадбир ўтказилди. 

Йиғилишни билим юрти маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудира муовини Роҳат Мамадшоева кириш сўзи билан очиб бериб, талалабаларни масалалар билан таништирган. 

Билим юрти мудири А. Иноятов ўз маърузасида қуйидагиларни сўзлади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. (Ҳужурот сураси, 13-оят). Динимизда мана шу ҳақиқатни баён қилиш орқали инсонларни бирликка, ҳамжиҳатликда яшашга даъват этилади.Айни пайтда динимиз бизларни ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишимиздан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

“Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!”, деб марҳамат қилган (Шўро сураси, 13-оят).

 

Тарихда турли хил фирқалар чиққан бўлиб, улар Пайғамбаримиз с.а.в. айтганларидек ўзлари ҳам залолатда, ўзгаларни ҳам тўғри йўлдан оздириб, бузуқ ақидаларга бошлаганлар. Ўз даврида уламолар ана шундай тоифаларга қарши курашиб, уларнинг бузуқ ақидаларини фош этганлар, мўмин-мусулмонларни залолат йўлларидан огоҳлантирганлар. Хусусан, юртимиздан чиққан буюк бобокалонимиз Абу ал-Муъин ан-Насафий ҳазратлари бундан минг йил аввал ана шундай оқимларга қарши раддия ўлароқ ўзларининг ақидага оид асарларини ёзиб қолдирганлар.

Аллоҳ учун дўстлашишнинг шартларини айтиб берсангиз. Мактабда бирга ўқиган дўстлар билан Аллоҳ учун дўстлашиш холис бўлиши мумкинми? Боиси, улар билан ўртада Аллоҳ учун дўстлашишдан ташқари, бирга ўқиганлик учун дўстлик ҳам мавжуд бўлади. 

Аллоҳ таолонинг “Ҳужурот” сурасидаги: “Албатта, мўминлар биродардирлар”, деган оятига биноан мўминлар бир-бирига биродардир. Воқеъликда эса мазкур умумий иймон биродарлиги билан бир қаторда хусусий биродарлик – дўстлик ҳам мавжудлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ушбу хусусий биродарлик мўминлар ичидаги якка шахслар орасида ўрнатилиб, жамиятдаги умумий биродарликни мустаҳкамлашга ва бошқа кўпгина яхшиликларга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам руҳий тарбия устозлари бу ишга алоҳида аҳамият берганлар ва бу тарздаги инсоний алоқаларни улфатчилик ва дўстлик деб номлаганлар. 

Албатта, улфат бўлиш ҳусни хулқнинг самарасидир. Тафриқа (бўлиниш) эса, ёмон хулқнинг самарасидир. Ҳусни хулқ муҳаббат, улфатчилик, мувофиқликка сабаб бўлади. Ёмон хулқнинг самараси ҳасадлашув, ёмон кўриш ва хусумат-душманликдан иборатдир. Исломда ҳусни хулқнинг ўрни жуда юқори даражада туради. Ҳусни хулқнинг фазли хусусида Аллоҳ таоло Қалам сурасида: “Албатта, сен улуғ хулқдасан” (4-оят), деган. 

Инсоният тарихида турли халқлар, қабила-уруғлар ва миллатларни Исломчалик улфат қилган – бирлаштирган тузум ёки мафкура бўлмаган. Кишилар қалбида Ислом муносиб ўрин олган жойларда ва замонларда миллатчилик, маҳаллийчилик ва тарафкашликнинг салбий кўринишлари тамоман йўқолган. Чунки Ислом биродарлиги ирқ, насаб, тил, қабила, қавм асосида эмас, Аллоҳга муҳаббат ва тақво асосида бўлади. 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин улфат бўлувчи ва улфатга танланувчидир. Улфат бўлмаган ва улфатга танланмаган кимсада яхшилик йўқ”, дедилар” (Табароний ва Ҳоким ривоят қилишган). 

Ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилишган қавмлар Аллоҳ таолонинг Қуръонига амал қилган одамлардир. Ана шундай одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган улуғ мақомга эришар экан. 

Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки уларни биродар қилган, дўстлаштирган зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир (Аллоҳ билувчидир). 

“Алоҳга ва унинг Росулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”. (Анфол, 46) 

Азиз талабалар, мусулмонлар Аллоҳ таолога ва унинг Росулига қанчалик итоатда бўлсалар, муваффақиятлари ҳам шунчалик кўп бўлади. Жумладан, мусулмонлар ўзаро низо ва ихтилоф қилмасликда ҳам Аллоҳ таолога ва унинг росулига итоатда бўлишлари кўпгина муваффақиятларнинг омилидир. Аллоҳ таолога ва унинг росулига итоат қилмай, ўзаро низо ва ихтилоф қилишнинг оқибати нима бўлиши оятнинг давомида баён қилиб берилмоқда: “Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади”. 

Аллоҳ таоло рост айтади. Ислом тарихидан маълумки, мусулмонлар ички низо ва ихтилоф сабабли муваффақиятсизликка учраганлар. Орада ихтилоф чиқмаслиги учун сабр керак. Сабрсизлик эса, мусулмонлар орасида турли ихтилофлар, уруш-жанжаллар келиб чиқишига сабаб бўлади. Аллоҳ сабрлилар билан доимо бирга ва уларни ҳар қандай офатлардан омон сақлайди. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ихтилоф чиқариш, талашиб-тортишишнинг оқибати ҳеч қачон яхши бўлган эмас. Ихтилофнинг асосий сабаби ўзаро ҳасад қилишдир. Ҳасад ўз эгасини хароб қилади. 

Мана Аллоҳ таолонинг изни иродаси ва фазли карами ила бирга ишлаш насиб бўлган экан, эндиликда ҳаммамиз бир тану бир жон бўлиб, ўқув даргоҳимизнинг савиясини оширишимиз, ҳақиқий илм соҳибаларини етиштириб, динимиз ривожига муносиб ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор. Бунинг учун эса аввало ўзаро ҳурмат-эҳтиром ва юксак исломий одоб-ахлоқ билан иш кўришимиз, бир-биримизга кўмакчи бўлишимиз зарур.

 

А.Иноятов билим юрти мудири

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3626 times

Янгиликлар

Top