Ўзбекистон янгиликлари

Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ўртасидаги чегара очилди

Бугун, 7 март куни Сурхондарё вилояти ва қўшни Тожикистоннинг Хатлон вилояти ўртасидаги «Амузанг» («Ҳошади») чегара постининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг фейсбукдаги саҳифасида маълум қилинган.

«Қўшничилик муносабатлари, дўстлик ришталари ҳамда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, қўшни давлатга бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча расмиятчиликларга барҳам бериш мақсадида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ўртасидаги «Амузанг» чегара постининг расмий очилиши маросими бўлиб ўтди.

Маросимда сўз олганлар икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга эканлиги, ушбу хайрли иш келгусида иқтисодий, маданий ва яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида янги саҳифалар очишини таъкидлашди. Чегара постининг очилиши асрлар давомида қўшни яшаётган, дили ва дини бир бўлган, икки тилда сўзловчи битта халқни беҳад қувонтирди», дейилган хабарномада.

Тантанали тарзда ва дўстона муҳитда ўтган маросимларда Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва Хатлон вилояти ҳокими Давлатшо Гулмахмадзода қатнашди.

 

Бунгача СамарқандЖиззах ва Наманган вилоятини қўшни республика билан боғловчи чегара постларининг очилиш маросимлари ўтказилганди.

Манба: https://kun.uz

Read 4007 times

Янгиликлар

Top