Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмонни Ўзбекистонга таклиф қилди

Фото: «President.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Унда расмий делегациялар аъзолари, икки мамлакат вазирликлари ва йирик компаниялари раҳбарлари, чегараолди вилоятлари ҳокимлари иштирок этди.

Ўзбекистон қўшни давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаган. Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли қисқа муддатда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Тожикистон билан муносабатлардаги долзарб масалалар ҳал этилди.

Музокарада савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йили 240 миллион долларни ташкил этгани қайд қилинди.

Фото: «President.uz»

Президент Шавкат Мирзиёев товар айирбошлашни кўпайтириш ва унинг ҳажмини яқин йилларда 500 миллион долларга етказиш учун ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлади.

Икки мамлакат бозорида харидоргир маҳсулотларни етказиб беришни кўпайтириш, савдо-логистика тармоғини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон икки мамлакат ҳудудлари ва етакчи корхоналари ўртасидаги кооперацияни кенгайтиришдан манфаатдор бўлиб, музокараларда қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, замонавий қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик, электротехника ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар таклиф этилди.

Транспорт ва транзит ташувлари соҳаси ҳам ҳамкорликнинг стратегик йўналишидир. Ўзбекистон Президенти бу борадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда темир йўл орқали юк ташиш ҳажмини ошириш учун биргаликда зарур шароитлар яратишга тайёрлигини билдирди.

Минтақа сув ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш, шунингдек, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳоқама этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Президент Имомали Раҳмонни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга давлат ташриф билан келишни таклиф этди.

Манба: https://www.xabar.uz

Read 3833 times

Янгиликлар

Top