Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон — Тожикистон. Ҳал қилинмаган масала қолмади

Фото: «President.uz»

Икки томонлама музокаралардан сўнг эришилган келишувлар бўйича ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот, Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзоладилар.

Савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган жами 27 та ҳужжат имзоланди.

Фото: «President.uz»

Матбуот анжуманида Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон музокаралар дўстона, очиқ ва амалий руҳда ўтганини, мулоқотлар натижасидан мамнунлигини таъкидладилар.

— Биз Ўзбекистон ва Тожикистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа устувор соҳалардаги муносабатларини мустаҳкамлашга доир долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Бунинг натижаси сифатида муҳим ҳужжатлар — Давлат чегараси бўйича шартнома ва Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисида битим имзоланди. Бугун эришилган тарихий келишувлар нафақат халқларимиз, балки бутун минтақа учун улкан аҳамиятга эга, — деди Шавкат Мирзиёев.

Хабар қилинганидек, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини аввалига 500 миллион долларга етказиш ҳақида сўз борган эди. Давлат раҳбарларининг самарали музокаралари, ишбилармон доираларнинг бевосита мулоқоти натижасида бу кўрсаткич 1 миллиард долларга олиб чиқиладиган бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳал қилинмаган масалалар қолмаганини таъкидлади. Президент Имомали Раҳмон бу фикрни тўла қўллаб-қувватлади. Томонлар мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшнилик асосида янада мустаҳкамлашга интилишини билдирди.

— Биз Ўзбекистон ва Тожикистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа устувор соҳалардаги муносабатларини мустаҳкамлашга доир долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Бунинг натижаси сифатида муҳим ҳужжатлар – Давлат чегараси бўйича шартнома ва Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисида битим имзоланди. Бугун эришилган тарихий келишувлар нафақат халқларимиз, балки бутун минтақа учун улкан аҳамиятга эга, — деди давлатимиз раҳбари.

Фото: «President.uz»

Ташриф доирасида бўлиб ўтган бизнес-форум ва Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси доирасида умумий қиймати 143 миллион доллардан ортиқ савдо шартномалари ва кооперация битимлари, шунингдек, Ўзбекистон банклари томонидан савдони молиялаштиришга 100 миллион доллар маблағ ажратиш тўғрисида битим имзолангани таъкидланди.

Томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшнилик асосида янада мустаҳкамлашга интилишини билдирдилар.

Манба: https://www.xabar.uz

Read 3627 times

Янгиликлар

Top