Ўзбекистон янгиликлари

Мирзо Улуғбек сув ичган пиёланинг сири нимада эди?

Музейлар инсоният тараққиётининг турли босқичларини намоён қилувчи, тарихни ойнадек акс эттирувчи масканлардир. Бундай маънавият гўшаларига ташриф буюрган киши борки, мозийни сарҳадсиз сайр қилади, ўзи учун олам-олам маъно ва хулоса олади.
Дунёнинг қайси чеккасидаги музейга борманг, Ўзбекистон тарихига оид экспонатлар энг ноёб ашёлар сифатида қадрланишига гувоҳ бўласиз. Жумладан, жаҳоннинг етакчи музейларидан бири бўлган Британия музейида ҳам ана шундай манзарага дуч келасиз.
“Халқ сўзи” нашрининг билдиришича, яқинда Лондонда қатор учрашув ҳамда музокаралар ўтказган Ўзбекистон делегацияси Британия музейига ташриф буюрди. Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Тошкент ислом университетининг Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази раҳбарларидан иборат делегацияни Британия музейи директори Ҳартвиг Фишер қабул қилди.
Британия музейида 8 миллионтадан зиёд ашёлар жамланган бўлиб, ҳар йили бу ерга 7 миллион нафарга яқин кишилар ташриф буюради.
Аҳамиятлиси, музейда мамлакатимиз тарихига оид ўта ноёб экспонат — Мирзо Улуғбек сув ичган пиёла сақланади. Узунлиги 15 сантиметр бўлган пиёла юзига “Улуғбек Кўрагон” деб ёзилган. Пиёла яшил рангли нефрит тошдан ўта моҳирлик билан сайқалланган ҳолда ишланган. Унинг банди аждар шаклида бўлиб, оғзи пиёла учини тишлаган, оёқлари ерга тегиб туради. Пиёланинг оғиз тегар ери лаб шаклида бўлиб, унга “Карами Ҳаққа ниҳоят йўқдур (Аллоҳ таоло карамининг чеки йўқ)” деган ёзув битилган. Ўша вақтлар нефрит Мовароуннаҳрда ноёб тош саналган. Пиёланинг нефритдан ишланишининг сабаби, у чақмоқ уришидан сақлаган. Энг асосийси, нефритга солинган заҳар ўз таъсир кучини йўқотган. Натижада бундай пиёла эгалари ичимликни бехавотир ича олган.
Учрашувда юртимизнинг қадимий, бой тарихи, буюк аллома ҳамда мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий мероси жаҳон тамаддунига беқиёс улуш қўшгани, бугун мамлакатимизда халқимизнинг чинакам ифтихори бўлган ана шу хазинани асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш, унинг ноёб ғоя ва қадриятларини истифода этган ҳолда, келажак авлодга ҳам етказишга юксак эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Йиғилишда сўз олган Британия музейи масъуллари Жонатан Табб, Ладан Акабарниа, Фаҳмида Сулаймон, Жон Уиллямс ушбу ҳамкорлик икки томон учун ҳам ғоят манфаатли эканини қайд этдилар.
— Менинг ҳаётимда Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тарихини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга бўлган, — дейди Яқин Шарқ тўплами раҳбари Жонатан Табб. — “Амударё хазинаси” деб номланган экспонатлар музейимизнинг юраги, десам, хато бўлмайди. Айни пайтда унинг янги каталоги устида иш олиб бораяпмиз. Бунда ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.
Марказий Осиё маданий меросини тадқиқ этаётган яна бир олим Фаҳмида Сулаймон Ўзбекистоннинг бой маданияти ҳали ҳам дунёни ҳайратга солишга қодир эканини таъкидлаб, жумладан, шундай деди:
— Европа жамоатчилиги, айниқса, илмий доиралари “Ислом маданияти XIX асрга келиб ривожланишдан тўхтаган”, деган фикрни ёқлайди. Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистонга ташриф буюрган киши борки, бунинг аксини кўради.
Британия музейи мутахассислари Ўзбекистон тарихига оид экспонатларнинг ёзув-шарҳларини юртимиз олимлари билан биргаликда тайёрлайдиган бўлди.
Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини изҳор этдилар. Музокаралар натижасида Британия музейи ходимларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, музей фондида сақланаётган мамлакатимиз тарихига оид нодир экспонатларни тадқиқ қилиш, каталогларини яратиш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг Британия музейида амалиёт ўташларини жорий этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Британия музейи Мирзо Улуғбек фойдаланган нодир пиёланинг нусхасини Ўзбекистон буюртмаси бўйича тайёрлаб беришга ҳозир эканини маълум қилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида Британия музейи олимларининг мамлакатимиз музейшунослари билан онлайн маърузаларини йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матубот хизмати

Read 3341 times

Янгиликлар

Top