Ўзбекистон янгиликлари

Фототанқид: “Кўкалдош” мадрасаси зиёратидаги ноқулайликлар?

Muslim.uz порталининг “Фототанқид” лойиҳаси кўплаб мухлисларимизнинг эътирофига сазовор бўлмоқда. Ушбу лойиҳани давом эттириш мақсадида навбатдаги манзил томон йўл олдик. Манзилимиз – азим пойтахтимизнинг кўркига кўрк бағишлаб, кўҳна Шошнинг шонли тарихидан садо бериб турган, Муқимий, Фурқат, Хислат, Олтинхон Тўра, Зиёвуддин ибн эшон Бобохон каби машҳур алломаларни тарбиялаган “Кўкалдош” мадрасасидир. 

 

 

Фотомухбиримизнинг объетив нишони мадраса атрофидаги ҳолатга қаратилди. Суратлардан аёнки ушбу ўрта махсус ислом билим юрти Чорсу бозори яқинида жойлашгани сабабли унинг ён атрофида доимий равишда ёйма сотувчиларнинг бўлиши, тирикчилик учун ишлаётган кишиларнинг савдони амалга оширгач, ортидан улкан чиқинди уюмларини қолдириб кетаётгани кўнгилни хира қилади. 

Илм-маърифат маскани бўлган ва Тошкент шаҳрига ташриф буюрувчи сайёҳларнинг асосий саёҳат қиладиган жойи шунчалик ифлослантирилса, бошқа ҳудудлардан нимани кутиш мумкин? Улар фақат ва фақат сайёҳларни қўрқитишга ва уларда салбий фикрнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмайди, деб ким кафолат беради?! 

 

 

Кўкалдош мадрасаси тарихий бинода жойлашгани унга бўлган қизиқишни оширади. Бироқ мажмуага кириш йўлагининг ноқулайлиги, сайёҳлар автобусининг тўхташ жойи, машиналар қўйиш учун жойларнинг мавжуд эмаслиги, чиқиндилар уюмининг кўплиги, мадрасага олиб борадиган йўл кўрсатгичларининг ўрнатилмаганлиги келиб-кетувчи зиёртчиларда ижобий тасаввур қолдирмаётгани аниқ ҳолат. Мадраса яқинидаги автобус бекатидаги тирбандлик эса ёзнинг жазирма иссиқ кунларида айниқса, ҳудуд ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлмоқда. 

Хулоса қилиб айтганда маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш, уларни келажак авлодга етказиш учун ҳар биримиз масъул эканмиз, бу ҳолатга қайси мутасадди ташкилот жавоб беради? Биз шу ташкилотдан яқин кунлар ичида амалий чоралар кўришларини кутиб қоламиз.

 Эътиборсиз бўлмайлик, азиз ҳамшаҳарлар!

 

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3697 times
Tagged under

Янгиликлар

Top