Ўзбекистон янгиликлари

Шарқшунослик институтининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

ЎзА хабарига кўра, шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўмон Султонлигининг Мерос ва маданият вазири Саййид Ҳайсам бин Тариқ ал-Саъид ҳамда Вақф ва дин ишлари вазири Шайх Абдулла бин Муҳаммад бин Абдулла ас-Салимий иштирок этди. Улар институтда яратилган кенг имкониятлар, музей, иш хоналари, қўлёзмалар сақланаётган кутубхона, лаборатория билан танишди. Иш жараёнларини кузатди.

Меҳмонлар нодир манбалар, тошбосма китоблар, миниатюралар, хаттотлик намуналари, тарихий ҳужжатлар коллекцияларининг энг яхши намуналари жой олган кўргазмани кўздан кечирди.

Мазкур институт биноси 2009 йилда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўмон Султонлигига ташрифи чоғида икки давлат ўртасидаги имзоланган битимга биноан ушбу давлат иштирокида бунёд этилди.

Бино уч қаватли. Кираверишдаги ички марказий атриумнинг баландлиги 16 метрни ташкил этади. Марказий залга кирган одам унинг дизайнидан ўрта асрларнинг йирик намояндалари – ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Берунийни ёдга олади.

Институтдаги 26 минг қўлёзма ва 40 мингга яқин тошбосма тўпламлари ноёб манба ҳисобланади. Уларнинг "ёши" асрлар билан ўлчанади.

Янги бинода “Ёзма ёдгорликларни тадқиқ этишнинг долзарб вазифалари ва замонавий услублари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлди. Турли давлатлардан келган олимларнинг илм-фан тарихи, бугуни ва истиқболига оид маърузалари тингланди.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 4198 times

Янгиликлар

Top