Ўзбекистон янгиликлари

Қуръон – шифо, Қуръон –  барака

Юртимизда байрам шукуҳи. Қуёш чарақлаб чиққан, дарахтлар чапар уриб гулга кирган якшанба тонгида пойтахтимизнинг энг ҳашаматли тўйхоналаридан бири “Наврўз” ресторани атрофи одамлар билан гавжумлаша бошлади.

Ҳар доим бу ерга тўйу тантаналарга келувчиларни кутиб олиб, ўз бағрида не-не бахтиёр инсонларни меҳмон қилган ресторан бино бўлибдики, ҳали-ҳамон бундай шарафга етиша олмаган эди – бугун бу ерда Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтаяпти.

Мусобақа бошланиши эрталабки 9.00 га мўлжалланган бўлса-да, 8.00 дан ўтиброқ бориб машинамизни қўярга жой тополмай қийналдик. Хавфсизлик ходимлари ёрдам қилиб, аранг бир жой топгандек бўлиб ичкарига кирсак, ичкари лиммо-лим одам.  Ҳамманинг кўзида ҳаяжон, дилида ажиб бир интиқлик – тезроқ бошлана қолса-ю,  тиловатларни тингласак. Ахир, бугун нафақат Тошкентда, балки бутун республикада, борингки, хорижий юртларга ҳам донг таратган қорилар машҳур қорилар, зўрлар беллашади...

Таомилга кўра, Қуръон тиловати билан бошланган мусобақани Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов кириш сўзи билан очаркан, шу ерда ҳозир бўлган ёшларимизга қарата, жумладан, бундай деди: “Қуръонни фақат қулоқ билан эмас, бутун вужуд билан эшитилади. Чунки Қуръон ­– Раббимизнинг Каломи унинг ҳар бир ҳарфини инсоннинг ҳар бир аъзоси ўзининг хос “қулоғи” билан тинглайди. Шунинг учун ҳам уни тинглар эканмиз, танамиз жимирлаб, сўз билан таърифлаб бўлмас даражадаги бир роҳат-фароғатни, улуғвор бир қудратни ҳис қиламиз...”

Юртимизда қишнинг чилласида бошланиб кетган Қуръон мусобақаси шарофати билан Ватанимизга қут-барака  ёғилди. Олис-яқиндаги бизникига ўхшаган қуруқ иқлимли ўлкаларда бошланиб кетган қурғоқчилик юртимизни четлаб ўтиб кетди. Ушбу мусобақани кузатиб бораётган хорижлик биродарларимизни мусобақани тинглашга бунчалик кўп одам тўпланаётгани ва қориларимизнинг маҳорати ҳайратга солаётган экан.

Ахир, нега бормайлик, бу ерда Аллоҳнинг Каломи зикр этилса, дуоси мустажоб бўладиган азизлар қўлларини кўтариб биздан умидвор ётганларимизнинг ҳам ҳақларига дуолар қилса... ўша зотлардан бирини уйимизга чақириб келамиз деб дастурхонлар безасак, илтижолар қилсак, ­- ё вақти бўлади ё бўлмайди. Шундай қулайликдан фойдаланиб қолмасак нодонлик қилган бўлмаймизми!..

“Ўзбекистон Қуръон мусобақаси — 2018” ташкилий қўмитаси раиси Абдулҳаким Матқулов бир гапни айтдики, бу бизнингча, Қуръон мусобақаси ва унинг ташаббускорига берилган энг ажойиб таърифдир. Диққат қилинг: “Андижонда 94 ёшга кирган онахон бор экан. Фазилатли онахон эрта-ю кеч мусобақа масъуллари ва қатнашчилари ҳаққига дуолар қилиб ўтирар экан. Ўша онахон “Президентимиз мамлакатимизни, миллатимизни Қуръон билан даволамоқда”, деди”.

Дарҳақиқат, юртимизга Қуръони карим шарофати ила файзу барака ёғилиб, тараққиётнинг боғланиб турган йўллари очилиб кетган бўлса; инсонларнинг кўнгли оятлар билан ёришди, қалбидаги қурумлари кўзёшлари билан кўчди, гуноҳлари дуолар билан ювилди.

Мусобақада “энг яхши дуогўй” ҳам деган номинация бўлганида эди, шу номинация бўйича биринчи ўринга ўша онахон муносиб топилган бўларди, тўғрими?

Қуръон мусобақаси ҳозир авж палласига чиқди, энди мураттаб қориларимиз беллашуви бошланади. Унга шошилинг, азизлар!

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 3077 times

Янгиликлар

Top