Ўзбекистон янгиликлари

Мирзиёев Путинни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга таклиф этди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлатимиз раҳбари Владимир Путинни 18 март куни бўлиб ўтган Россия Федерацияси Президенти сайловида эришган ишончли ғалабаси билан табриклади.
Сайлов натижалари Владимир Путин раҳбарлигида жамиятни бирлаштириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, иқтисодиёт, инфратузилма ва давлат бошқарувини модернизация қилиш, давлат суверенитетини қатъий ҳимоя қилиш ва мамлакатнинг жаҳонда муҳим ўрин тутган давлат сифатидаги ролини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ҳар томонлама ўйланган сиёсатга Россия халқи томонидан улкан ишонч билдирилаётгани ва ниҳоятда кенг қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор намойиш этгани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон ва Россия ўртасида дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.
2017 йилнинг апрель ойида Россияга амалга оширилган олий даражадаги ташриф, шунингдек, томонларнинг мунтазам мулоқоти икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиб, уни сифат жиҳатидан янги, амалий мазмун билан бойитгани таъкидланди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан савдо-иқтисодий, инвестиция, банк-молия, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва кўплаб бошқа соҳаларда аниқ натижаларга эришилди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Икки мамлакат ишбилармон доиралари ва ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик фаоллашди.
Сайёҳлик ва маданият соҳасидаги алмашинувлар кенгаймоқда, таълим ва соғлиқни сақлаш бўйича қўшма дастурлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари икки томонлама шерикликни янада кенгайтириш масалалари, шунингдек минтақавий ва халқаро сиёсатнинг қатор долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Суҳбат якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга таклиф этди.
Россия Президенти самимий қутлов ва тилаклар учун чуқур миннатдорлик билдириб, мамлакатимизга ташриф билан келиш таклифини мамнуният билан қабул қилди.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 2905 times

Янгиликлар

Top