Ўзбекистон янгиликлари

Диний идорага ҳиндистонлик уламолар ташриф буюрди

19 март куни Ҳиндистоннинг Керала штатида жойлашган “Сунний маданият маркази” раҳбари Шайх Муҳаммад Абдулҳаким Азҳарий бошчилигидаги бир гуруҳ зиёратчилар Диний идорага ташриф буюрди.
Шайх жаноблари Ўзбекистонга сафари давомида жуда кўп қадамжоларни зиёрат қилгани ва амалга оширилаётган хайрли ишлардан ҳайратда эканини айтиб, Ҳиндистондаги “Сунний маданият маркази” тўғрисида ҳам сўзлаб берди.
Жумладан, ушбу марказда 35 минг талаба таҳсил олиши, шу йил ҳижрий Шаъбон ойида (жорий йилги май ойида) Имом Бухорий ҳазратларининг “Саҳиҳул Бухорий” асарлари хатм қилиниши муносабати билан талабаларнинг битириш кечасига муфтий ҳазратларини лутфан таклиф этди. Ушбу маросимга 10 мингдан зиёд киши жам бўлишини билдирди.
Ўз навбатида меҳмонларга Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий меросни ўрганиш ва Ислом маърифатини кенг ёйиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида гапириб беришди.
Муҳаммад Абдулҳаким жаноблари Ўзбекистонда Ислом дини таълимотини ўрганиш ва тарқатиш борасида илмий марказлар очиш, ихтисослашган мактаблар ташкил этиш каби ишларга катта баҳо берди.
Меҳмонлар Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуасини зиёрат қилишди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2939 times

Янгиликлар

Top