Ўзбекистон янгиликлари

Президентлар қарори кекса онахоннинг ушалмас орзусини амалга оширди

Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари ўз фуқаролари учун виза расмийлаштирмасдан қўшни мамлакат ҳудудида 30 кунгача бўлиш имкониятини яратиб берганидан хабарингиз бор.
Қардошлар бундан унумли фойдаланиб, Наврўз айёми нишонланган кунларда саёҳатга отланишди. Хусусан, кўплаб тожикистонликлар диёримизга ташриф буюриб, ўз сафарларини кўтаринки кайфиятда, завқ-шавқ ва ҳайратга тўлиб ўтказишди. Олган катта таассуротларини интернет ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига тезда жойлаштириб, барча билан ўртоқлашди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” нашри “news.tj” ахборот порталига иқтибосан маълумот берди.
Қуйида уларнинг айримларини келтириб ўтамиз.
“Қарор қабул қилинди: чегара очиқ! Қани кетдик. Эрталаб соат 8:00дан Тожикистон – Ўзбекистон чегарасига етиб келдик. Ҳеч қандай танқид йўқ, фақат ахборот. Биз томондаги чегарада озгина тартибсизликни ҳисобга олмаганда, ҳамма ўтаяпти. Қардош Ўзбекистон томонда 5-6 нафар чегара хизмати зобити ва 2 нафар божхона хизмати ходими менинг автоуловимни синчковлик билан текширди. Қатъий, лекин мулойимлик билан. Бунинг учун уларга плюс”, — деб ёзади Фарход Сангинов. Шунингдек, у Ўзбекистонда нарх бўйича ҳамма нарса арзонлигини қайд этиб, жумладан шундай таъкидлайди: “Бир порция кабобда — учта сих. Тухум, ун, мандаринлар, нон — арзон”.
Айтганча, дам олиш кунлари мамлакатимизга келган тожикистонликларнинг маҳсулотлар Ўзбекистонда Тожикистонга нисбатан анча арзонлиги ҳақидаги фикрлари ижтимоий тармоқларда асосий ўринни эгаллади, трендга айланди.
Меҳмонлар, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари томонидан кўрсатилган хушмуомалаликни алоҳида эътироф этдилар.
“Йигирма йилдан ортиқ вақт ичида бир-биримизни кўрмаган эдик, бир-биримиз ҳақида деярли ҳеч нарса билмас эдик, энди худди ўртада нифоқ бўлмагандек учрашдик, биз ҳақиқатан ҳам ўзбеклар билан биродарлармиз, биз минтақадаги энг яқин халқлармиз”, — деб қайд этади ПарвизХЗ никли яна бир фойдаланувчи.
Шулар қаторида Тожикистонга ташриф буюрган ўзбекистонликлар ҳам қўшнилар меҳмондўстлигидан хурсанд эканлигини яширмаган.
“Тожикистон халқига меҳмондорчилик учун раҳмат, — деб ёзади самарқандлик Нодир Аҳмедов. — Кеча Самарқанд тарафдан Душанбега ўз автоуловим билан бордим! ДАН ходимлари яхши ва хушмуомала. Қардош Тожикистон халқига меҳмоннавозлик учун миннатдорлик билдираман. Тожикистонда ҳеч қачон бўлмаганман, кеча илк бор ташриф буюрдим, ўз машинамда Душанбе, Панжикент шаҳарларини айландим, ҳаммаси аъло — муаммо йўқ. Ўзбек ва тожик халқига ҳурмат! Президентларга раҳмат!”
Ўз навбатида, “Facebook”даги Тожикистоннинг машҳур гуруҳларида ўзбекистонлик, Ўзбекистоннинг машҳур гуруҳларида эса тожикистонлик кўплаб янги иштирокчилар пайдо бўлди.
Қолаверса, ўзбекистонликлар қўшни юртдан келадиган меҳмонларга қўлидан келганча он-лайн кўмак беришга интилган.
“Болалар, мана сизга Тошкент метроси харитаси”, — деб фотосуратларни тақдим этган ўзбекистонлик Бобур Феникс.
Яна бир фойдаланувчи Отабек Фатхуллаев эса Тошкентнинг қайси жойида овқатланиш мумкинлиги, Ўзбекистоннинг исталган банкида валюта айирбошлаш имконияти мавжудлиги, хусусан, 1 АҚШ долларининг давлат курси ҳақида маълумот берган.
Ҳатто, айрим ўзбекистонликлар ёрдам керак бўлса деб ўз шахсий телефон рақамларини, тожикистонликлар эса бунга жавобан ўз рақамларини қолдирган.
“Биз Самарқандга бувимиз билан бордик. Мен уни ўз машинамда олиб бордим. У киши 79 ёшда, — деб ёзади Нодир Иброҳиов “Facebook”даги саҳифасида. — У йўл бўйи жим кетди. Самарқанд унинг Ватани ва бувим энди у ерга бошқа бора олмаслиги ҳақида кўп гапирарди. Лекин борди. Унинг ушалмас орзу армонини амалга оширган барчага раҳмат, бизнинг қардош халқларимизга шон-шарафлар бўлсин. Бундан буён доим шундай бўлаверсин”.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил апрель ойида мамлакатлар ўртасидаги автобус қатновлари янгиланиб, Тожикистондан автобуслар Ўзбекистондаги бешта шаҳар — Тошкент, Самарқанд, Денов, Термиз ва Фарғонага боради. Шундан сўнг юқоридаги каби дил сўзлари, орзулар рўёби кўпайишига шубҳа йўқ.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 2806 times

Янгиликлар

Top