Ўзбекистон янгиликлари

Қирғизистонлик имом-хатиб: Ўзбекистондаги қадамжоларни зиёрат қилишни хоҳловчилар кўпаймоқда

Бугун, 25 март, якшанба куни Қирғистон мусулмонлари идорасининг Ўш шаҳар вакили ўринбосари Тошхўжаев Анасхон домла бошчилигида 11 кишидан иборат делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига келишди.

Делегация аъзоларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими Бош мутахассиси Илёсхон Аҳмедов ҳамда Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди Бош мутахассиси Икром Ахмедовлар кутиб олишди.

Дастлаб, делегация аъзоларига юртимизда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар, хусусан, диний соҳадаги янгиликлар ва эришилаётган ютуқлар тўғрисида маълумот берилди. Ўз навбатида, меҳмонлар бундай ижобий ўзгаришларни юқори баҳолаб, қирғиз халқининг юртимиз уламоларига ҳурмати чексиз экани, шунингдек бу табаррук заминда қанчадан-қанча улуғ инсонларнинг хоки қўним топгани, қирғизистонликлар айни кунларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик натижаси ўлароқ Ўзбекистонга, бу ердаги муқаддас қадамжоларга зиёрат қилишга бўлган қизиқишлари ниҳоятда юқори эканини, айнан ушбу масалада диний ташкилотларга кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганини айтишди.

Ушбу сафар ҳам келгусида зиёрат туризм соҳасида алоқаларни кенг йўлга қўйишга ижобий таъсир кўрсатишини таъкидладилар.

Учрашув якунида меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига, Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармасига, хусусан, муфтий ҳазратларига ана шундай ўзаро самимий учрашувлар ташкил этиб, юртимизни зиёрат қилиш борасида кўрсатаётган амалий ёрдамлари учун алоҳида миннатдорлик билдиришди. Меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг "Ҳазрати Имом мажмуаси" китобидан ҳадя қилинди. Учрашувдан сўнг, меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасини зиёрат қилишди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғистон делегацияси эртага Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги зиёратгоҳ ва қадамжоларни зиёрат қилишади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2724 times

Янгиликлар

Top