Ўзбекистон янгиликлари

Муслим Травелер: Бир кунни ўзида ҳам қор, ҳам сакура гуллари, ҳам дунёдаги энг қадимги Қуръон мусхафини яна қаерда учратиш мумкин?!

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Индонезиянинг «Нет ТВ» телеканали билан ҳамкорликдаги лойиҳаси «Муслим травелер» кўрсатуви ижодкорлари юртимизнинг энг гўзал манзилларини кашф этишда давом этмоқда.
Ижодкорлар дастлабки кунни зиёратгоҳларга сайрдан бошлаган бўлса, кейинги кун эрта тонгдан табиат қўйнига саёҳат завқи билан Чимён тоғларига йўл олишди. Индонез сайёҳларига жону дили бўлган қор ва чанғи учиш мажмуаси меҳмонларни бир неча соат эътибори ва фотокамераларини банд этди. Тасвирга олиш ишларида Тошкент вилояти ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари яқиндан кўмак берди.
Куннинг иккинчи ярмида шаҳарга қайтиб, индонезиялик меҳмонлар таърифи билан айтганда, «жуда кенг ва озода кўчалар» бўйлаб сайр учун Тошкентнинг кўзга кўринган сайлгоҳ ва маданий ҳордиқ марказларига йўл олишди. Сайёҳларнинг энг севимли сайлгоҳларидан бири саналган Амир Темур ҳиёбони ва Соҳибқирон ҳайкали орқали юртимизнинг тарихига назар ташланди, шаҳарсозликнинг юксак наъмуналарини яратган бобомиз давомчилари янги авлодлар бунёд этаётган кўркам бинолар намойиш этилди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизмати билдиришича, сайлгоҳда бошловчи Шаза Белладона маҳаллий бадиий санъат усталари ишларини кузатиб, ўзининг портретини чиздиришга жазм қилди. Натижадан кўнгли тўлиб, Индонезия сайёҳларига албатта ушбу манзилда бир тўхтаб, маҳаллий мусаввирлар хизматидан фойдаланишга тавсия беришини айтиб ўтди.
Юртимизда сайёҳларга гид хизматлари кўрсатиш соҳасида ҳам катта ишлар қилинаётгани, ёшларнинг турли хорижий тилларни мукаммал эгаллаётгани ҳақида гапириб, бошловчи Тошкент давлат Шарқшунослик институти ўқитувчиси Санжар Турдиевни суҳбатга тортди. Айнан Санжар билан суҳбат орқали юртимизда 2004 йилдан бери индонез тилига бўлган қизиқиш, сайёҳлар учун юртимизда яратилаётган қатор шароитлар ҳақида индонез тилида маълумотга эга бўлишди. Кейинги манзил эса, пойтахтимиз меҳмонларини бефарқ қолдирмайдиган Алишер Навоий номидаги Опера ва балет театри бўлди. У ерда юртимизда опера ва балет санъатига бўлган қизиқиш ҳам юқори даражада эканлигини ва санъатсевар ўзбек халқини яна бир карра кашф этишди.
«Нет ТВ» телеканалининг юртимизга ташрифи ва тасвирга олиш ишларининг қизғин жараёни ҳақида «Дунё бўйлаб» телеканалида махсус кўрсатув тайёрланмоқда. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Дунё бўйлаб» телеканали ижодий жамоаси билан биргаликда амалга ошириладиган бу сингари лойиҳалар юртимизда ташқи ва ички туризмни ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшади.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

 

Read 3233 times

Янгиликлар

Top