Ўзбекистон янгиликлари

Сиғноқ ва сиғноқлик олим ҳақида эшитганмисиз?

Бир вақтлар Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган Сиғноқ шаҳри 14-15- асрларда Оқ ўрда ва кўчманчи ўзбеклар давлатининг пойтахти бўлган. Ҳозирда бу шаҳар харобалари Сидарё соҳилидан ўн саккиз км узоқликда Туман ариқ темир йўл бекатининг шимолий қисмида жойлашган. 13-асрнинг биринчи чорагида Сиғноқ шаҳри Хоразмшоҳлар давлати таркибида бўлиб, кейинроқ мўғуллар истилосига учраб, Чингизхоннинг ўғли Чиғатой улусига қаради.  1506-1509- йилларда Шайбонийхон Хуросондан қайтиб, қозоқ султонларига зарба беради ва уларни Дашти Қипчоқ ичкарисига қувиб боради. Бу юришлар натижасида Сиғноқ, Ясси ва Саброн шаҳарлари қайта қўлга киритилади. Шундай қилиб, Мовароуннаҳр ва Хуросонда Шайбонийлар сулоласи тўлиқ ҳукмронга айланди. Сиғноқ шаҳри аҳолиси асосан ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланган. 1583-1598-йилларда ҳукмронлик қилган Абдуллахон II нинг ёрлиқномасида Сиғноқ атрофида яшайдиган ҳар хил уруғлар ҳақидаги  маълумотлар учрайди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таълим соҳасида ўқиш ва ўқитишни енгиллаштириш мақсадида хатти Бобурийни кашф этади. Бу иш 1503-1504- йилда унинг Кобулдалик вақтида юзага келиб, ўзи бу ҳақда шундай ёзади: «Ушбу маҳалларда (1503-1504 йил Кобулда) Бобурий хатти ихтироъ қилдим».(Бобурнома,204-бет). Бу хат-алифбо ҳақида сўз юритган Бобур бир ғазалида шундай келтиради:»Турклар хатти насибинг бўлмаса, Бобур, не тонг, Бобурий хатти эмасдур, хатти сиғноқидурур» (Бобур. Девон, 27-бет).

Ушбу байтда Бобурий хатти-алифбосининг манбалари ҳақида сўз юритгандай туюлади, яъни Бобурий хатти туркий ёзувлар (руний, уйғур) га ўхшамасада, аммо у сиғноқий хатга ўхшашдир, деган маъно англашилади.
Сиғноқ Сирдарёнинг шимолий соҳилидаги қадимий шаҳарлардан бири бўлиб, бу шаҳардан кўплаб олиму фозил кишилар етишиб чиққан. Аммо ушбу жойда яратилган хат-алифбо-сиғноқий хат ҳақида шундан бошқа аниқроқ маълумот учраган йўқ. Эҳтимол хатдан Бобур хабардор бўлса керак. Бобурий хатти 29 ҳарфдан иборат бўлиб, шаклан араб ҳарфларига ўхшаш томонлари бўлса-да, аммо ҳар бир товушни ифода этиш учун алоҳида ҳарф бўлган (мана шу жиҳати билан хатти Бобурий сиғноқий хатга ўхшаган бўлса керак). хатти Бобурий ихтиро қилингач, унинг овозаси турли томонларга тарқалиб, унга қизиқиш кучаяди.  Бобур ҳузурида бобурий хатти – алифбосини ўрганган котиблар шу хатда турли қитъаларни кўчирганлар. XVI аср муаррихи Бадоюнийнинг «Мунтахаб ут-таворих»ида ёзилишича, Қуръони каримнинг бир нусхаси ҳам бобурий хатида кўчирилиб, бу нусха ўз вақтида Маккаи муаззамага юборилган. Аммо унинг тақдири бизга маълум эмас.

Ўз даврида “Мадинатул улум” лақабига сазовор бўлган Ҳасан ибн Али ибн Ҳажжож ибн Али Ҳисомуддин Сиғноқий асли шу жойлик бўлиб, фиқҳ илмини ёшлигида Носир ал-Бухорийда ўқиб, фақиҳлик даражасига етди.  Бу аллома “Ҳидоя”га шарҳ ёзиб, унга “ан-Ниҳоя” деб ном қўйди, бу китобни 1301 йили рабиъ ал-аввал ойида ёзиб тугатди. У Муҳаммад ан-Насафий ал-Макҳулийнинг “Шарҳ ат-тамҳид фи қавоид ат-тавҳид” китоби, “ал-Кофи фи шарҳ усул ал-Паздавий”ни тасниф қилди. У фиқҳ ва наҳв илмларида маҳорати кучли ҳисобланган. У ҳаждан қайтиб, Дамашққа 1310-йили келганида қозиларнинг қозиси Носириддин Муҳаммад ибн Умар ривоят ва бошқа ишларини унга топширди. Сиғноқлик олим Қивомиддин Кокийга, Жалолиддин Курланийга фиқҳ илмидан дарс берди. Ҳалабга келиб, у ерда истиқомат қилди. У ҳижрий 1310-йили Дамашққа келиб, Ахсикасийнинг “Мунтахаб” китобига шарҳ ёзди, усул иддин ҳақида “Шарҳ ат-Тамҳид”ни ёзди. Халаб шаҳрида вафот этади. Унинг сарфга тааллуқли “Нажоҳ” номли китоби ҳам бор. Насафийнинг бир асарига 1306-07-йили Сиғноқий «Таcдид» номли шарҳ ёзиб, уни «Китабу-т-таcдид фи шарҳи-т-тамҳид ли Аби-л-Муъин ан-Насафи» деб номлайди. Ушбу асарнинг қўлёзма нусхалари Туркия кутубхоналарида сақланмоқда.                              

Манбалар асосида

  Саъдулла ЖАМАЛОВ,

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 2876 times

Янгиликлар

Top