Ўзбекистон янгиликлари

"Muslim traveler" Имом Ал Бухорий мажмуаси ҳақида кўрсатув тайёрлайди

"Muslim traveler" ижодкорлари пойтахтимиз билан танишгач, сафарнинг 3-куни эрта тонгдан Самарқандга йўл олишди. Йўл давомида юртимизнинг ажиб табиатини кўздан кечиришаркан, Жиззах вилояти ҳудудига кираверишда лайлакларни кўриб, тўхтаб тасвирга олишди. Индонезияда минглаб қуш турлари бўлсада, мавсумий қуш бўлган лайлакларни илк бор кўриб туришлари эди. Самарқандга етиб келгандан сўнг ижодий гуруҳ Регистон бўйлаб сайрга чиқишди. Кечки Регистоннинг гўзал манзараси ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги аниқ.
Шунингдек, меҳмонларда Имом Ал Бухорий мажмуаси ҳам катта таассурот қолдирди. Мақбарани зиёрат қилиш билан бир қаторда, ҳазрат Имом ал Бухорий ва зиёратгоҳ ҳақида мазкур мадраса бош имом хатиби Зайниддин Эшонқулов билан мазмунли суҳбат қуришди.

 


«Зиёрат туризмининг ривожланишида бу сингари мажмуаларнинг аҳамияти катта. "Muslim traveler" кўрсатуви олдида буюк муҳаддиснинг мақбаралари Самарқандда жойлашгани, Имом Ал Бухорий мақбарасининг замонавий кўркам қиёфаси ҳамда бошқа зиёратгоҳлар ҳақида миллионлаб индонез халқига маълумот беришдек бурчни адо этиш ётибди», дейди дастур муаллифи Диан Кенcана Деви.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизмати билдиришича, ижодкорларни Хавфсиз туризм бошқармаси мутахассислари юртимизда сайёҳларга яратилаётган имкониятлар билан яқиндан таништиришди. Ундан сўнг эса, маданий ҳордиқ чиқазиш ва ўзбек миллий либослари билан яқиндан танишиш мақсадида «Эл мероси» театрининг саҳналаштирилган либослар намойишига ташриф буюришди. Юртимиз ҳудудида турли даврларда мавжуд бўлган тарихий либослар қуршовида қолган "Muslim traveler" кўрсатуви бошловчиси Шаза Белладонна ўзи учун Темурийлар даври либосини танлади. У «Ўзимни гўёки ўтмишдаги маликадек ҳис қилдим» дейди.
Театрлаштирилган дастур ва либослар намойиши индонезиялик ижодкорларга жуда жуда манзур бўлди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 3410 times

Янгиликлар

Top