Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ISESCO (АЙСЕСКО) Уставини ратификация қилди

Президентимиз томонидан куни кеча имзоланган ва 2018 йил 4 апрелда матбуотда эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти Уставини (Боку, 2015 йил 26 ноябрь) ратификация қилиш тўғрисида»ги қонуни шу мақсадга хизмат қилади.

Аввало, Ислом ташкилоти ва унинг қайси йўналишда фаолият юритишига тўхталиб ўтсак.

Ислом ташкилоти (АЙСЕСКО) Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг ихтисослаштирилган муассасаси ҳисобланади. Ташкилотнинг қароргоҳи Марокаш қироллигининг Работ шаҳрида жойлашган. Теҳрон (Эрон Ислом Республикаси) ва Шаржа (БАА) шаҳарларида минтақавий офислари мавжуд.

АЙСЕСКОнинг иш тиллари араб, инглиз, ва француз тилларидир.

АЙСЕСКО Устави Ўзбекистон Республикаси томонидан 2017 йил 26 августда имзоланган. Мазкур Устав муқаддима ва 22 моддадан иборат. Уставнинг 4-моддасига мувофиқ, АЙСЕСКОнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

- аъзо давлатлар ўртасида таълим, фан, маданият ва коммуникация соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш;

- шунингдек, мазкур соҳаларни инсонпарвар ислом қадриятлари нуқтаи назаридан ривожлантириш ва яхшилаш. Турли воситалар ёрдамида, жумладан, таълим, фан, маданият ва коммуникация орқали аъзо давлатларда ҳамда улардан ташқарида халқлар ўртасида ўзаро ҳамфикрликни жамлантириш ҳамда бутун дунёда тинчлик ва хавфсизликка эришишга ўз ҳиссасини қўшиш;

- Ислом дини ва маданиятининг тўғри шаклини тарғиб қилиш. Маданиятлар, халқлар ва динлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга кўмаклашиш. Ислом маданияти нуқтаи назарига мувофиқ, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари принциплари билан бир қаторда, адолат ва тинчлик қадриятларини оммалаштириш йўналишида иш олиб бориш;

- аъзо давлатларда маданий ўзига хосликни сақлаб қолган ҳолда маданий ҳамкорликни рағбатлантириш ва маданий ранг-барангликнинг турли жиҳатларини қўллаб-қувватлаш;

- Ислом ҳамкорлик ташкилотининг таълим, фан, маданият ва коммуникация соҳасидаги ихтисослаштирилган муассасалари ҳамда АЙСЕСКОга аъзо давлатлар ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш. Уларнинг уйғунлиги ва бир-бирини тўлдириб туришига эришиш. Ҳукуматга қарашли бўлган ва ҳукуматга қарашли бўлмаган шу каби муассасалар билан ҳамкорлик ва шериклик муносабатларини ривожлантиришга кўмаклашиш;

- аъзо давлатларнинг таълим тизимлари ўртасида ўзаро алоқалар ўрнатиш. Уларнинг бир-бирини тўлдириб туришини таъминлаш ва бошқалар.

Уставда, шунингдек, АЙСЕСКО органларининг мақоми, аъзолик ва кузатувчи мақомини олиш тартиби, мансабдор шахсларнинг ваколатлари, Ташкилот фаолиятининг молиявий жиҳатлари белгиланган.

Уставнинг 6-моддасига мувофиқ, ИҲТга аъзо бўлган ҳар бир давлат Уставни расмий имзолангандан кейин ҳамда юридик ва ҳуқуқий расмий тартиб-таомиллар бажарилгач ҳамда АЙСЕСКО Бош дирекцияси ёзма шаклда хабардор қилингач, АЙСЕСКО аъзосига айланади.

Ўзбекистон томонидан Уставнинг ратификация қилингани таълим, фан ва маданият соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг янада ривожланишига кенг йўл очиши шубҳасиз. Мазкур ҳужжат маданий-гуманитар соҳада Ўзбекистон эришган ютуқларни кенг тарғиб қилишда яна бир ҳуқуқий замин бўлди. Бу ҳақда ЎзА маълумот берди.

Шунингдек, мамлакатимизнинг Ислом маданияти ривожидаги беқиёс ўрнини ёритиш, қадимий тарихимиз ва маданий меросимиз билан таништириш, АЙСЕСКО доирасида Ўзбекистон алоқаларини кенгайтириш имконини беради.

Уставнинг ратификация қилингани Тошкент ислом университети қошидаги АЙСЕСКО махсус кафедрасининг тўлиқ фаолиятини таъминлашга йўл очди. Бу, ўз навбатида, унинг ривожланишига кўмаклашади. Мазкур кафедра ИҲТ га аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда ўтказилган 43-сессиясида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган. Бу ташаббус мазкур кенгашнинг навбатдаги сессиясида қўллаб-қувватланган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 5506 times

Янгиликлар

Top