Ўзбекистон янгиликлари

Бухорога 2017 йилда қарийб 2 миллион нафар зиёратчилар ташриф буюришди

Сайёҳлик иқтисодиёт тармоқларининг етакчи бўғинларидан бирига айланаяпти. Вилоятимиз эса бу борада бениҳоя катта салоҳиятга эга. 660 та моддий маданий мерос объекти рўйхатга олинганининг ўзиёқ жуда кўп нарсани англатади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятининг туристик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари шу имкониятларни рўёбга чиқариш сари ташланган муҳим қадам бўлди. Мазкур қарорларга мувофиқ, вилоятга ташриф буюраётган чет эллик туристлар ва мамлакатимиз сайёҳларига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга кўрсатилаётган сервис хизматлари сифатини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Минтақамизда сайёҳлик соҳасини изчил ривожлантириш, туризм индустрияси ва инфратузилмасини янада такомиллаштириш мақсадида Юртбошимиз томонидан тасдиқланган дастур асосида жами 21 та (шундан 17 таси Бухоро шаҳрида) янги меҳмонхона фойдаланишга топширилди, 7 та янги замонавий туристик классдаги автобуслар харид қилинди. Қисқа даврда авиақатновлар ва “Афросиёб” тезюрар поездининг ҳаракатланиш жадваллари оптималлаштирилди.
Бухоро шаҳрида янги меҳмонхоналар, маданий-кўнгилочар масканлар ва 500 кишига мўлжалланган замонавий амфитеатр каби объектларни ўз ичига олувчи “Қадимий Бухоро” туристик ҳудудини барпо этиш учун 10 гектар ер майдони ажратилиб, хорижий меъморлар билан биргаликда лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқда.
Бухоро шаҳридаги собиқ “Шаҳристон” бозори ҳудудида ҳунармандлар марказини қуриш, муқаддас қадамжолар — Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф ар-Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва Чорбакр мажмуаларида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаяпти. Ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида “Ипак ва зираворлар”, “Бухоро шаҳри куни”, “Қовун сайли” ва “Бухоро ҳунармандлари” фестиваллари ташкил этилди.
Хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Хитойнинг Лоянь ва Россиянинг Владимир шаҳарлари билан Бухоро шаҳри ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш меморандумлари имзоланди. Испания, Япония, Сингапур, Индонезия, Малайзия, Россия, Латвия ва Туркия каби давлатлар билан шу йўналишда музокаралар олиб борилди.
2017 йилда хорижий туристларга хизматлар экспорти қиймати 76,3 миллион АҚШ долларига етказилиб, ўсиш суръати 110 фоизни ташкил этди. Ички туризм бўйича индивидуал тартибдаги зиёратчиларни ҳисобга олганда маҳаллий саёҳатчилар сони қарийб 2 миллион нафарни ташкил этди. Бу 2016 йилдагига нисбатан 15 фоизга кўп.
Айни пайтда “Бухоро бўйлаб саёҳат қил” дастури асосида маҳалладошлар, Ёшлар иттифоқи аъзолари, меҳнат ва фермерлар жамоаларидан таркиб топган 1200 нафардан ортиқ аҳоли саёҳатга чиқмоқда. Уларга Бухоро давлат университетининг туризм ва тарих факультети 4-босқич иқтидорли талабалари ҳамроҳ-волонтёр сифатида замонавий туристик автобусларда сифатли хизмат кўрсатишмоқда.
2018 йилда ҳам бу йўналишдаги ишлар Абу Али ибн Сино ҳаёти ва илмий меросига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция, “Насриддин Афанди” ва “Шарқ таомлари” каби фестиваллар ҳамда Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги, Баҳоуддин Нақшбанднинг 700 йиллик юбилейларига уйғун тарзда амалга оширилади.
2017 йилнинг 7-10 декабрь кунлари Туркиянинг Измир шаҳрида ўтказилган халқаро сайёҳлик кўргазмасида вилоятимиз делегацияси ҳам фаол иштирок этди. Тўрт кунлик халқаро кўргазмада туристик компания-ларимиз томонидан воҳамизнинг туризм салоҳияти, бой тарихи, маданий мерос объектлари, муқаддас қадамжолари, табиати, халқнинг маданияти ва урф-одатлари ҳақида тайёрланган тақдимот, реклама ва тарғибот материаллари кўргазма ташкилотчилари ва меҳмонларга манзур бўлди.

Учрашувлар давомида туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, сайёҳлик соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш, Туркиядан Бухорога сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва вилоят аҳолисининг ушбу шаҳарларга ташрифини ташкиллаштириш бўйича келгусида ўзаро ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш масалалари келишиб олинди.
Шунингдек, “Travel Turkey Izmir 2017” халқаро сайёҳлик кўргазмасида Бухоро вилоятининг туризм имкониятлари ва салоҳиятини алоҳида йўналишлар бўйича намойиш этган “Bukhara Eco Tour” ва “East Line Tour” туристик компаниялари кўплаб хорижий ҳамкорлар билан келишув ва битимлар тузишга эришди. Жумладан, “Bukhara Eco Tour” туристик компанияси Туркиянинг “Ginger Travels”, “Kemer Travel”, “Sefir Tour”, “Golden Tours”, “Movvlana Istanbul”, “Betatur”, “OBT Travel”, “Sinaia Tours”, “Folo Travel” ва бошқа 100 дан ортиқ туристик компаниялар билан ҳамкорлик келишувларини тузди.
Музокаралар натижалари бўйича “Bukhara Eco Tour” туристик компанияси 2018 йилда Туркиядан 3000 га яқин сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳатларни ташкиллаштириб бериши кутилмоқда. “East Line Tour” туристик компанияси эса 120 дан ортиқ хорижий турис-тик компаниялар билан ҳамкорлик битимларини тузди. Компания вакиллари томонидан эришилган келишувлар асосида келгуси йили Туркиядан 4000 га яқин сайёҳларни юртимизга қабул қилиш бўйича иш олиб борилади.
Бундан ташқари, “Travel Turkey Izmir 2017” халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этган бухоролик архитекторлар Зуҳриддин Муҳиддинов ва Фаррух Ражабовлар Туркиянинг Измир ва Истанбул шаҳарларидаги диққатга сазовор жойлар, бино ва иншоотлар, истироҳат боғлари, тарихий-маданий ёдгорликлар ҳамда йўл бўйи инфратузилма объектлари қурилиши ва архитектураси билан танишдилар.
Улар қурилиш, жиҳозлаш ва бинолар дизайни ҳамда архитектураси бўйича катта тажрибага эга йирик компаниялардан бири “Чимстоне”, замонавий меҳмонхоналарни қуриш ва жиҳозлаш ишлари билан шуғулланадиган “Браско” компанияси ҳамда истироҳат боғларини қуриш бўйича етакчи компаниялар “Кемер” ва “Макера Атолйеси”, шунингдек, бир нечта хорижий давлатларда меҳмонхоналар қуриш ва уларни тўлиқ жиҳозлаш ишларини олиб борган Истанбул шаҳридаги “Отем Декорасьон” компанияси вакиллари билан тажриба алмашиб қайтишди.
Шунингдек, архитекторлар томонидан Истанбул шаҳрининг Эски шаҳар ҳудудидаги тор кўчаларнинг йўл қопламалари муҳандислик технологиялари, автотураргоҳлар ечими, транспортлар ҳаракатларини тартибга солувчи барьерларни ўрнатиш, чиқиндиларни йиғиш усуллари ўрганилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2017 йил 2 октябрда туризмни ривожлантириш бўйича истиқболли давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифаларни бажариш, вилоятда ички туризмни янада ривожлантириш бўйича янги лойиҳа ва сайёҳлик дастурлари ишлаб чиқилмоқда. 2017 йилги қишлоқ хўжалиги мавсумини муваффақиятли якунлаган фермер хўжаликлари раҳбарлари ва аъзоларини рағбатлантириш, уларнинг мароқли дам олишлари учун қизиқарли тадбирларни ташкиллаштириш, маданий мерос обидалари билан таништириш ҳамда муқаддас қадамжоларга зиёрат қилишларини тизимли амалга ошириш мақсадида “Бухоро фермерлари саёҳати” дастурининг амалга оширилаётгани ҳам ана шундай янгиликлардан биридир.
Айни дамда вилоятда 124 та меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. Бухоронинг туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида 2018 йилда 30 дан ортиқ меҳмонхона, 50 га яқин ресторан ва 10 дан зиёд истироҳат боғларини қуриш мўлжалланмоқда. Бу борадаги кенг қамровли ишлар сайёҳларга хизмат кўрсатиш даражасини оширади. Янги иш ўринлари яратилишига олиб келади. Хорижликларнинг бой маънавий-маданий меросимиздан баҳраманд бўлишларига имконият яратади.


Ботиржон ШАҲРИЁРОВ,
Бухоро вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари
бўйича ўринбосари.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3563 times

Янгиликлар

Top