Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент шаҳрида Ҳадис мусобақаси якунига етди. Ғолиблар билан танишинг

Бугун 5 Май куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи cаройида юртимизда илк бор ўтказилаётган «Ҳадиси шариф билимдони» республика танловининг еркаклар ўртасида Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди.

Танловда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган Ҳадис илми бўйича иқтидори бор фуқаролар,  Тошкент ислом институти ва “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаларидан иборат 43 нафар йигитлар иштирок этдилар.

Танлов уч шартдан иборат бўлди. Биринчи шартда, иштирокчилар Имом Бухорий р.а., Имом Термизий р.а. боболаримизнинг ибратли ҳаёт йўллари, шахсий сифатлари ва илмий мерослари ҳақидаги саволларга жавоб бердилар.

Иккинчи шартда, араб тилидаги ҳадисларни ўқиб, таржима қилиб, шарҳлаб, ундан олинадиган фойдаларни баён қилдилар.

Учинчи шартда эса, аввалги қисми берилган ҳадис матнларини ёддан давом эттириб айтиб бердилар (“Ал адаб ал муфрад” (“Одоблар хазинаси”) китобидаги ҳадислар бўйича).

Танлов давомида ёш болажонларнинг ширин овозлар ила ҳадиси шарифларни ёдддан айтишлари, шунингдек алоҳида таклиф этилган Қуръон мусобақаси Тошкент шаҳар босқичи ғолибларининг Қуръони карим оятларидан тиловатлари тадбирни янада мунаввар қилди.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ: “Мадомики инсонлар орасида ҳадис талаб қиладиган кишилар бор экан, улар салоҳиятда бардавом бўладилар. Агар илмни ҳадиссиз талаб қилсалар бузиладилар”, деган эдилар. Юртимизда олиб борилаётган ана шундай эзгу ислоҳотлар ҳадис илмининг ҳам эндиликда янада жонланишига, униб ўсиб келаётган ёш авлоднинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаёт йўллари, суннатларини катта иштиёқ билан ўрганишига хизмат қилади. Бу йўлни тутган авлоддан иншааллоҳ, яна фозилу уламолар етишиб чиқади.

Тажрибали мударрис ва имом-хатиблардан иборат Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолаб бордилар. Мусобақа якунига кўра, энг юқори кўрсаткич эгалари қайд эълон қилиниб, ғолиб ва совриндорлар номлари аниқланди:

1- ўрин: Юсупов Халилуллоҳ  (97 балл)

2- ўрин: Тўхтасинов Рўзимуҳаммад (88 балл)

2- ўрин: Мусабоев Камрон (88 балл)

3- ўрин: Юсуфжонов Билол (87 балл) 

3- ўрин: Ортиқбоев Ҳожиакбар (87 балл)

Эслатиб ўтамиз, биринчи ўринни қўлга киритган ғолиблар мусобақанинг Республика босқичига йўлланма оладилар.

Биз Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини тарғиб этишда, суннатни ўрганишда ўзига хос намуна кўрсатган танловнинг барча иштирокчиларни муборакбод этиб, билимлари бунданда зиёда бўлишини, улуғ зотларнинг чинакам  меросхўрига айланишларини тилаб қоламиз.

 

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Read 2995 times

Янгиликлар

Top