Ўзбекистон янгиликлари

Норин туманидаги масжид қайта бунёд этилади

Юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидлар кундан-кунга обод бўлмоқда. Янгидан-янги масжидлар қурилмоқда, кўплари таъмирланиб, чиройли ҳолатга келтирилмоқда.
Мана шундай ишларни узвий давом эттириш йўлида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Наманган вилоятидаги сафарлари чоғида қайта қурилиши режалаштирилган Норин туманида жойлашган “Қурбон ота” жоме масжиди фаолияти билан яқиндан танишдилар.
“Қурбон ота” жоме масжидининг мавжуд биноси қабристон ҳудудида жойлашган бўлиб, 1991 йилда қурилган. Ҳозирга келиб анча таъмирталаб бўлиб қолган. Масжид асосий йўлдан анча ичкарида жойлашгани сабабли, қишнинг қировли, ёзнинг жазирама иссиқ кунларида намозхонлар ора кўчалар орқали келишга тўғри келади. Шунинг учун масжид қавмининг илтимосини инобатга олиб, ушбу масжидни асосий йўл бўйида қайтадан бунёд этиш саъй-ҳаракатлари бошлаб юборилди. Ўз навбатида масжид ҳудудида жойлашган Қурбон ота исмли авлиё мақбараси ҳам обод этилиб, мўъжаз зиёратгоҳга айлантирилади.
Муфтий ҳазратлари “Қурбон ота” жоме масжидининг янги биноси лойиҳаси билан танишар экан қурилиш ва таъмирлаш ишларини замонавий ва миллий меъморчилигимизга мос, мўмин-мусулмонлар учун қулай шаклда барпо этиш бўйича тавсиялар бердилар.
Таъкидлаш жоизки, бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат ила меҳнат қилишади. Зеро, масжид қуриш, уни обод этишнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида кўп баён этилган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинади: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
“Қурбон ота” жоме масжиди қавми давлатимиз Раҳбарининг аҳоли талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлидаги ташаббусларидан чексиз мамнун эканларини изҳор қилишди. Бундай ёруғ ва кенгчилик кунлар учун Яратган Парвардигорга ҳамду сано айтишаётгани ва диёримиз гуллаб яшнаши йўлида дуолар қилишаётганини билдиришди.
Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган кишилар она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади.
Наманган вилояти Норин туманида янгидан қад ростлайдиган ушбу жоме масжид мўмин-мусулмонларимиз учун муносиб туҳфа бўлади, иншоаллоҳ.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2824 times

Янгиликлар

Top